Хитой ҳукумати бир қатор дронлар ва уларнинг бутловчи қисмларини экспорт қилишга чекловлар киритмоқда. Бу ҳақда Хитой Савдо вазирлигига таяниб, «Синхуа» хабар бермоқда. Ушбу чоралар «миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш» мақсадида кўрилди.

«Баъзи юқори сифатли ва юқори самарали фуқаролик дронларининг ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун қайта жиҳозланиши хавфи ортиб бормоқда. Хитой йирик дрон ишлаб чиқарувчиси ва экспортчиси сифатида уларнинг экспорти устидан назоратни кенгайтиришга қарор қилди», деб тушунтирди вазирлик.

Хусусан, оғирлиги 7 кг дан ортиқ бўлган, ҳавода 30 дақиқадан кўпроқ қолиб, нарсаларни ташиш ва ерга туширишга қодир бўлган дронлар экспорт назоратига тушади.

Бундан ташқари, айрим дрон двигателлари, лазерлар, алоқа ускуналари ва дронга қарши тизимларни махсус рухсатсиз экспорт қилиш тақиқланади.

Чекловлар 1 сентябрдан кучга киради ва икки йил давом этади.

«Экспорт назорати экспортни тақиқлашни англатмайди. Агар дрон қонуний фуқаролик мақсадларида фойдаланилса, тегишли тартиб-қоидалар бажарилгандан сўнг уни одатдагидек экспорт қилиш мумкин», — дейилади агентлик баёнотида.

Хитой етакчи дрон ишлаб чиқарувчиси ва экспортчиси ҳисобланади. 2022 йил апрель ойида Хитойнинг энг йирик дрон ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган DJI компанияси уруш ва халқаро санкциялар фонида Россия ва Украинага етказиб беришни вақтинчалик тўхтатиб қўйилишини маълум қилган эди.

Бироқ, The New York Times газетасининг ёзишича, Хитой дронлари Россияга келишда давом этмоқда. Нашр маълумотларига кўра, 2023 йил март ойи ҳолатида 70 га яқин хитойлик экспортёрлар РФга камида 12 млн долларлика дрон ва бутловчи қисмлар сотган.