Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 27 июль куни Malibu тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 17 ёшли пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда шаҳар ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Шу куни соат 23:15 да туманнинг Боғишамол кўчасида 2002 йилда туғилган О.А. Malibu 2 автомашинасини бошқариб кетаётиб, йўлнинг тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш қисмидан кесиб ўтаётган пиёда — 2006 йилда туғилган А.С.ни уриб юборган.

ЙТҲ оқибатида пиёда тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш: ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

Таҳририятдан: «Газета.uz» бундан кейин ҳам бир полосали тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари бўлмаслиги кераклигини таъкидлайди. Агар инсон ва унинг қадр-қиммати ҳақиқатан ҳам давлатнинг устувор йўналиши бўлса, бундай ўтиш жойларида светофорлар бахтсиз ЙТҲлардан кейингина ўрнатилмаслиги керак.