Баланд минбарлардан пиёдалар транспорт воситаларидан устун эканлиги ҳақида қанча айтилмасин, Тошкент ҳокимияти автомобиллар учун шароитларни яхшилаб, пиёдалар учун ноқулайликларни янада кўпайтиришда давом этмоқда.

Яна бир мисол, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биноси ёнидаги хавфли тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи. Бу ерда мунтазам равишда бахтсиз ҳодисалар содир бўлиб туради. Охирги маълум бўлган ҳолат 21 июль куни содир бўлди — машиналардан бири пиёдани ўтказиб юбориш учун тўхтаган вақтидан иккинчиси унинг ортидан уриши натижасида биринчи машина аёлни уриб юборди.

Яхшиямки, аёл тирик қолди. Ҳодиса ҳокимият ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳаракатсизлиги, пиёдаларнинг кўчаларни хавфсиз кесиб ўтишини таъминлай олмаётгани сабабли интернетда норозиликнинг янги тўлқинига сабаб бўлди.

Орадан бир неча кун ўтганидан сўнг ҳукумат осонгина ечим топди — кўп йиллардан бери мавжуд бўлган пиёдалар ўтиш жойи шунчаки ёпиб қўйилди. «Зебра» қора бўёқ билан бўяб ташланди, ўтиш белгилари демонтаж қилинди, ўтишни тақиқловчи белгилар ўрнатилди.

«Газета.uz» мухбири чорраҳада беш дақиқа турди — шу вақт ичида ундан 10 дан ортиқ одам, жумладан, болали оилалар ҳам ўтди. Ишончимиз комилки, ўтиш жойининг тугатилиши улар учун кутилмаган бўлган, зеро бундай ўзгаришлар ҳақида олдиндан огоҳлантириш одати йўқ-ку.

Ҳайдовчилар учун ҳам ўтишнинг йўқлиги кутилмаган ҳолат бўлди — улар чизиқлари қора бўёқ ортидан кўриниб турган «зебра» олдида беихтиёр тўхташмоқда.

Ваҳоланки светофор ўрнатиш орқали пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ҳам мумкин эди, аммо бу, кўриниб турибдики, кераксиз деб ҳисобланган.

Тахмин қилиш мумкинки, кейинги қадам пиёдаларни тўхтатиш учун тўсиқлар ўрнатиш бўлади. Бироқ бу барча пиёдаларни тўхтата олмайди. Энг яқин ўтиш жойлари юзлаб метрлар узоқликда, яъни баъзи пиёдалар хавфли йўлни кесиб ўтишда давом этаверади.

Фото

Бўялган «зебра».Бўялган «зебра».

Шаҳар марказида пиёдалар ўтиши тақиқланган белги ўрнатилди.Шаҳар марказида пиёдалар ўтиши тақиқланган белги ўрнатилди.

Одамлар «зебра»дан фойдаланишда давом этмоқда.Одамлар «зебра»дан фойдаланишда давом этмоқда.

Болали оилалар ҳам хавфли кўчани кесиб ўтмоқда.Болали оилалар ҳам хавфли кўчани кесиб ўтмоқда.