Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси биноси ёнидаги Бунёдкор шоҳкўчасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида яна бир автомобиль пиёдани уриб юборди.

Тарқалган видеода Damas ва Lacetti пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётганини кўриш мумкин, у ерда бошқа машиналар аёлни ўтказиб юбориш учун тўхтаган. Биринчи машина кескин тормоз бериб, тўхташга муваффақ бўлган, иккинчиси унга келиб урилган. Damas зарба сабабли пиёдалар ўтиш жойига чиқиб кетган ва аёлни уриб йиқитган. Аёл бир неча метрга юмалаб кетган, кейин тезда ўрнидан туриб, нарсаларини йиғиштирган ва йўлни тарк этган.

Пойтахт ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати ЙТҲ 21 июль куни соат 19:00 атрофида содир бўлганини маълум қилди. Бошқарма ЙТҲ сабабли жабрланганлар ёки касалхонага ётқизилганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот келиб тушмаганини билдирди.

йтҳ

Бошқарма одатий тарзда ҳайдовчилардан «тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларига яқинлашаётганда тезликни пасайтиришни, тўхтаб, пиёдаларга йўл беришни ҳамда оралиқ масофани сақлашни» сўраган.

Таҳририятдан

Эътиборли жиҳати, бу жойда бахтсиз ҳодисалар мунтазам равишда содир бўлиб туради. Фуқаролар ушбу масканда кўчани кесиб ўтишга қўрқишаётганини маълум қилган. «Газета.uz» кенг магистраллар бўйлаб тартибсиз пиёдалар ўтиш жойлари бўлишига йўл қўймаслик ҳақида бир неча бор ёзган. Ваҳоланки, Тошкентда бундай чорраҳалардаги светофорлар одатда ўлим билан якунланган бахтсиз ҳодисалардан кейин пайдо бўлади.

Тошкентдаги чорраҳаларни тартибга солиш лойиҳасида иштирок этган таниқли урбанист Аркадий Гершман пойтахтга ташрифларининг бирида бундай ўтиш жойларини биринчи марта кўрганини ёзганди. «Бу ерда 20 га яқин „полоса“ бор: 4+4 асосий йўл ва 5+3+3 ёндош йўлаклар. Албатта, светофорлар йўқ», — деган у.

Мутахассис Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари фақатгина биттадан ортиқ ҳаракат йўлаги бўлмаган жойларда бўлиши кераклигини таъкидлаганди. Бу кўча ва йўлларни лойиҳалашда инсон ҳаётини сақлаш биринчи ўринга қўйилган барча мамлакатларда одатий амалиётдир.