Фарғона вилоятида дарахтларни ноқонуний равишда кесиб ташлаш ҳолатлари аниқланди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Бош прокуратура томонидан Эколгия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда Фарғона вилояти ҳудудида олиб борилган ўрганишда, Норин-Фарғона ирригация тизимидаги Катта Андижон канали қирғоғида ўсиб турган 1213 туп дарахт жорий йилнинг январь-февраль ойларида «Бағдодмахсуссувпудрат» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар томонидан қасддан кесиб ташланиб, ўсимлик дунёсига 4,6 млрд сўм зарар етказилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ички ишлар органи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Бош прокуратура томонидан мазкур жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилган.