Ўзбекистонлик 4 нафар мактаб ўқувчиси Швейцарияда ўтган Халқаро кимё олимпиадасида 2 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 26 июль куни улар Тошкентга етиб келгани ҳақида хабар берди.

Олимпиадада 90 га яқин давлатдан 350 нафарга яқин ўқувчи иштирок этди.

Олтин медални Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Азизбек Назаров ҳамда Учтепа туманидаги 81-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Абдуллоҳ Маҳмудов қўлга киритди.

Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг яна бир 11-синф ўқувчиси Шаҳзода Ҳакимова кумуш медаль ҳамда Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Соҳибжон Дилмуродов бронза медалига эга чиқди.

Энди олтин медаль соҳиблари 165 млн сўм, устози 148,5 млн сўм миқдорида, кумуш медаль олганлар 99 млн сўм, устози 82,5 млн сўм ҳамда бронза медали эгаси 66 млн сўм, устози эса 49,5 млн сўм пул мукофотлари билан тақдирланади.

Бундан ташқари, Халқаро олимпиада ғолиблари ОТМларга имтиёз билан грант асосида ўқишга қабул қилиниб, кейинчалик таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритадиган бўлса, лавозим маошига ҳар ой 150 фоизли устама олади.

Эслатиб ўтамиз, 11 июль куни Халқаро биология олимпиадасида Ўзбекистондан 2 нафар мактаб ва 1 нафар лицей ўқувчиси БААдан бронза медалларини қўлга киритиб қайтганди.

2022 йилда Арманистонда ўтган 33-Халқаро биология олимпиадасида ҳам ўзбекистонлик Азиза Абдувалиева бронза медалини қўлга киритган.

У «Газета.uz» билан суҳбатда «халқаро олимпиада болага ўзини кўрсатиш учун майдон» эканини айтган. Шунингдек, биологияни ўрганишдаги муаммолар, олимпиададаги иштироки ҳақида сўзлаб берган. Азиза билан суҳбатни ўқишни тавсия қиламиз.