17 ёшли Азиза Абдувалиева 2021 йилда 32-Халқаро биология олимпиадасида олтин, 2022 йилда эса бронза медалини қўлга киритган. «Газета.uz» ёш биолог билан олимпиадалардаги иштироки, Ўзбекистон терма жамоасига саралашлар, тайёргарлик жараёнлари, халқаро олимпиадада қандай имтиҳонлар бўлиши, халқаро ва Ўзбекистон олимпиадалари ўртасидаги фарқлар, биологияни чуқур ўрганишда мамлакатда мавжуд муаммолар ҳақида суҳбатлашди.

Азиза Абдувалиева 2005 йил Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманида туғилган. Тумандаги 42-мактабда тўққиз йиллик таълимни олгач, 2020 йил ТПИ академик лицейида ўқишни бошлади. Азиза халқаро миқёсдаги олимпиадалардан ташқари Ўзбекистондаги бир қатор — 2019−2020 ўқув йилидан ўтказилган «Билимлар беллашуви» ҳамда фан олимпиадаларида иштирок этиб, ғолиб бўлган. 2022 йилда эса Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибасига айланди.

— Азиза, сизни яқинда эришган муваффақиятингиз билан табриклайман. Халқаро олимпиадалардаги иштирокингиз қачон ва қандай бошланган?

— Раҳмат. Академик лицейнинг биринчи курсида ўқиётганимда биология фанидан халқаро олимпиада борлигини билдим ва иштирок этиш нияти пайдо бўлди. Ўзбекистондаги уч босқичли саралашдан ўтиб, терма жамоага энг ёш иштирокчи сифатида қабул қилиндим. Пандемия сабаб олимпиада онлайн тарзда ўтказилди. 78 та давлатдан жами 300 га яқин иштирокчи қатнашган олимпиадада биринчи ўрин билан олтин медални қўлга киритдим. Халқаро олимпиададаги илк қадамим ана шундан бошланган.

Шу йили бўлиб ўтган 33-Халқаро биология олимпиадаси учун Ўзбекистондаги саралашлар бутун республика бўйлаб декабрь ойидан апрелга қадар учта босқичда бўлди. Тўртта ўқувчи синовлардан ўтиб, терма жамоага қабул қилиндик. Саралашдан ўтганлар Илғор технологиялар марказидаги мутахассислардан дарс олиб, тажрибалар ўтказдик. Бизни айнан шу жой пишитди. Амалий ишлар, тажрибаларни илк бор ва чуқурроқ шу марказда қилиб кўрдик. Ҳатто Республика саралашида назарий саволларга қўшиб амалий саволларни ҳам қоғозда бажарганмиз.

Мен учун бу ҳақиқий халқаро олимпиада бўлди деб айта оламан. Олдинги йилда эса синовлар онлайн кўринишга мослаштирилган бўлиб, амалий саволлар олиб ташланган, фақат назарийларигина қолган эди. Бу йилги офлайн олимпиадада умумий 500 баллдан 400 балл — амалиётга, 100 балл эса — назарий саволларга берилган. Шунинг учун амалий қисм тайёргарлигига кўпроқ эътибор бериш керак бўларди. 64 та давлатдан жами 250 дан ортиқ қатнашчи орасида учинчи ўрин билан бронза медалини қўлга киритдим.


— Республика саралашлари ҳамда халқаро олимпиада амалий синовларининг олиниш тартибида нега бундай номутаносиблик бор?

— Бошқа давлат вакиллари билан гаплашганимда улардаги саралашлар ҳам худди халқаро олимпиаданикидек бўлишини билдим. Ўзбекистондаги бу номутаносибликка эса саралашлардан олдинги жараён — мактаб ёки лицейдаги биология дарсларида амалиётнинг камлиги ёки қўлланмаслиги ҳамда уларнинг барчасида ҳам амалий жиҳозларнинг бўлавермаслиги сабаб деб ўйлайман. Ўқиш давомида амалиёт жиҳозларини қўлига ҳам олиб кўрмаган ўқувчи қандай қилиб саралашларда улардан фойдаланиб бирор тажрибани кўрсата олиши мумкин? Менинг ўзим ҳам бир йил олдин халқаро олимпиадада биринчи ўринни олганимга қарамасдан, бу галги саралашлардан кейинги тайёргарликларда амалий жиҳозларни бошқа ўқувчилар сингари биринчи маротаба ушлаб, тажрибаларни ҳам илк марта қилиб кўргандим.

Ўзбекистондаги жуда кўп мактабларда лаборатор хоналар, улардаги жиҳозланишларни яхши деб ўйламайман. Ўзим ўқиган мактабда ҳатто биология лабораторияси у ёқда турсин, физика ва кимёники ўта ачинарли ҳолатда эди. Биологияни назарий ва амалий қисмларга бўлишимиз мумкиндир, лекин физика ва кимёнинг бошдан-охири тажрибаларга асосланган. Аммо шу тажрибаларни қилишнинг имкони йўқ. Қўлсиз, оёқсиз фанга айланиб қолган.

Яқинда мактабимга боргандим. Мен битириб кетаётганимда биология лабораторияси қандай абгор турган бўлса, ҳозир ҳам шунақа. Биласизми, бу фақат қишлоқ мактабларидаги ҳолат эмас. Олимпиадаларга тайёрланиш даврида шаҳар мактаблари, академик лицейларга борган бўлсам, барида шу аҳвол эди. Ҳатто бир қанча институтларники ҳам хароб ҳолатда. Аҳвол шундайки, 12 йиллик ўрта таълим, яна тўрт йил олий таълимни олган инсон оддий бир тажрибани ўтказолмайди. Чунки бунинг учун шароит йўқ. Энди ўзингиз айтинг, шу тарзда ўқиган ва дипломини олиб, мактабларга дарс беришга борган ўқитувчиларни амалиётдан бехабарлиги, ўқувчиларига уни ўргатмаётгани учун маломат қилишга қай даражада ҳаққимиз бор?

Шу ўринда ХТВ, Олий таълим вазирлиги ва бошқа масъуллардан бу муаммога жиддий эътибор қаратишларини қаттиқ илтимос қилиб қоламан. Илм соҳасида инвестиция киритиш лозим бўлса, буни ўйлаб ўтирмасдан қилиш керак. Бошқа соҳалар кутиб турар, аммо илм кутмайди. Пулни тежаш ёки олиб қолиш умуман нотўғри иш. Икки йиллик пандемияда илмнинг одамларга қай даражада зарурлигини бутун дунё билди. Ўзбекистондаги қилинаётган шунча ишларни биттада инкор эта олмайман. Аммо жараённи тезлаштириш тарафдориман.

Яна айтиб ўтишим керакки, бу йилги саралаш назарий саволлари олдинги йилгидан анча оғирроқ, халқаро олимпиаданикига мослаштирилган эди. Олдин оддий ДТМ намунасидаги саволларни ишлаб терма жамоага қабул қилинганмиз. Бундан кейинги йилларда амалий саволларни қоғозда эмас, айнан махсус хоналар ва жиҳозларда тажрибани ўтказиб, топшира оладиган даражада қилишади, деб умид қиламан.

Энди Халқаро биология олимпиадасида бошқа қатнашолмайман. Битта ўқувчи максимал икки йил иштирок эта олади. Икки йилимни ҳам чиройли ўтаб бўлдим, Алҳамдулиллаҳ. Бу ёғига Ўзбекистон терма жамоасининг тайёргарликларида ёрдам бериш ниятим бор.

— Олимпиадага қандай китоблар, манбалар асосида ва қайси устозлар билан тайёрланганингиз ҳақида гапирсангиз.

— Халқаро доирадаги олимпиадаларга тайёрлайдиган мутахассислар Ўзбекистонда жуда кам. Уларни шаҳар марказлари, асосан, пойтахтдан топасиз. Саралаш босқичидан ўтганимиздан кейин бизга махсус дарслар қўйилди. Терма жамоа лидерлари тайинланди. Ҳар бири жуда маҳоратли устозлар. Мукамбар Муҳаммедова, Гулбаҳор Умарова, Наргиза Абдураҳмонова, Даврон Тўхтаевлар билан шуғулландик. Бундан ташқари, Илғор технологиялар марказидаги ёш, яқинда магистратурани тугатган Гулноза Эсоновани алоҳида таъкидлашим керак. Асбобларни қандай ушлашдан тортиб, уларни мустақил ишлатгунимизгача қанча хатолар қилмайлик, бизга сабр, матонат билан ўргата олдилар. Халқ таълими вазирлигининг берган энг катта имконияти эса халқаро устозларни жалб қилишгани бўлди. Ломоносов номидаги Москва давлат университети профессор, ўқитувчилари билан дарслар ўтдик. Аввал билмаган, ўрганмаган жуда кўп мавзуларимни ўргандим, мустаҳкамладим. Олимпиада олдидан энг катта ва яхши тажриба айнан шу бўлди десам, адашмайман.

Бирор чет тилини билмасдан халқаро олимпиадага тайёрланишнинг имкони йўқ. Чунки ўзбек тилида халқаро олимпиадага оид деярли бирор манба, китоб ёки кўрсатма мавжуд эмас. Асосан рус ва инглиз тилларида топиш мумкин. Ўзбек тилидаги мактаб, лицей ва ҳатто университет дарсликларида халқаро олимпиада қамровидаги мавзулар учрамайди.

Бутун дунё бўйлаб Майкл Кэмпбеллнинг «Campbell Biology» (Кэмпбелл биологияси), Грин, Тэйлор, Стоутларнинг «Biological science» (Биология фани) китоблари асосида халқаро биология олимпиадасига тайёрланишади. Хурсанд қиладиган томони — халқаро биология олимпиадаси учун YouTube`даги манбалар, маълумотларнинг ҳаммаси очиқ. Тилни билган исталган ўқувчи кириб, ўрганиши мумкин.

— Бир кунда неча соат, ҳафтада неча кун вақтингизни ажратардингиз?

— Қанча ўқишимни кўпинча ўзим ҳал қилардим. Қайсидир устозим томонидан бирор вазифа берилдими, ҳар доим айтилган вақтда қилиб борганман. Столларнинг устида ухлаб қолган, кейин уйғониб яна давом эттирган пайтларим кўп бўларди. Қўшимча равишда инглиз тили билан ҳам шуғулланардим. Олимпиада яқинлашгач, уни ҳам тўхтатиб, бутун кунимни биологияга бағишлай бошладим.

— Олимпиада жараёни қандай ўтгани ҳақида гапириб берсангиз.

— Халқаро олимпиада ҳар доим бир ҳафта давом этади. Бошланишига икки кун қатнашчиларнинг меҳмонхоналарга жойлашиб, шароитларга кўникишлари учун вақт берилди. Учинчи куни синовлар бошланди. Аввал амалий имтиҳон топширдик. Амалий имтиҳон тўртта босқичга бўлинган: биокимё, биоинформатика, ўсимлик физиологияси, анатомияси ва экологияси, ҳайвонлар физиологияси ва биосистематика. Ҳар қайсиси 1,5 соатдан давом этди ва бир кунда топширдик. Амалий имтиҳонларда ҳар бир иштирокчининг олдида биттадан ҳакам турмади. Ҳар биримизнинг тепамизда камера бор эди ва волонтёрлар айланиб юрарди. Умуман, бу жараённи кимдир назорат қилишига ҳам ҳожат йўқ экан. Биокимёдан махсус аппаратларда турли моддалар ёрдамида тажриба ўтказиш керак бўлди.

Ҳайвонлар физиологияси ва биосистематикадаги синовларда тирик организмдан фойдаланилади. Масалан, бизга тўртта балиқ тури берилди. Аввалги йилларда парранда, сичқон ва зулук каби ҳайвонлар асосида тажриба ўтказилган. 1,5 соат ичида балиқларнинг қайси оила, туркум, турга киришини топиб бериш, хусусиятларини ўрганиш керак бўлди. Бунинг учун қўлимизга берилган чалажон балиқларни ёриб, ичакларини очдик.

Биоинформатикада эса биологик маълумотларни информатика ёрдамида сақлаш, компьютернинг ўзида қандай ҳисоб-китоб қилиш мумкинлигини кўрсатиб бериш керак эди.

Ўсимлик физиологиясидан бир қанча ўсимликларнинг барги, илдизи, гули ёки расми берилди. Уларни кесиб, қайси ўсимлик экани, сувли ёки сувсиз, қуёшли ёки қуёшсиз — умуман, қандай муҳитда ўсишини аниқлаш керак бўлди. Уларни аниқлагач, махсус қоғозларга эритмалар тайёрлаб, ўсимликларнинг қайси муддат давомида рангини ўзгартириши, унда қанча оксидловчи борлигини аниқлаш керак эди.

Орада бир кун дам олиб, назарий имтиҳонга кирдик. У икки қисмга бўлинган эди. Ҳар бири 50 та саволдан иборат бўлиб, уч соатдан умумий олти соат вақт ажратилди. Уни ҳам бир кунда ишлаб чиқдик. Шу билан синовлар тугади. Қолган кунларда мезбон мамлакатга саёҳатлар қилдик, турли ўйинлар, кўнгилочар сайрлар бўлиб ўтди. Охирги кунда тақдирлаш ва ёпилиш маросими ўтказилди. Шу билан ҳамма ўз мамлакатига қайтди.

— Олимпиада қайси тилда ўтказилди?

— Халқаро олимпиада ўтказилишининг ҳурмат қилишга арзийдиган томони — ўқувчига эркинликни тақдим эта олишида. Ҳар қайси давлатдан келган вакилга ўзига қулай бўлган тил — хоҳласа, она тили, хоҳласа, бошқа бир тилда саволлар тақдим этилади. Ва, у ҳам ўзи танлаган тилда жавоб ёзиши мумкин. Ишлар шунчалик пухта ўйланганки, буни ташкилотчиларнинг ўзи таржима қилиб олади. Жавобларни ҳам иштирокчи исталган рангдаги ручка ёки қаламда ёзсин, бу ҳам аҳамиятсиз. Муҳими билими бор, йўқлиги ёки ўзининг даражасини кўрсатиб беришида. Халқаро олимпиада — болани қийновчи эмас, унга ўзи хоҳлаган кўринишда илмини намойиш этиши учун имконият берувчи майдон. Лекин инглиз тилини билиш зарар қилмайди. Бошқа қатнашчилар билан мулоқотда асқатади.


— Ўзи Олимпиадада иштирокдан мақсадингиз нима эди? Унга эриша олдингизми?

— Қаердаки, бирор мусобақада қатнашсам, билимимни синаб кўриш, ўзимга ишончимни оширишни мақсад қилиб борганман. Бу йилгисида эса Ўзбекистоннинг номидан чиқаётганим учунми, кўпроқ шу номни оқлашни хоҳлагандим. Ўйлайманки, озми-кўпми уддалай олдим. Умуман олганда, бу каби мақсадлар мен учун бериладиган имтиёз, имконият ва мукофот пулларидан устун. Ҳаракатим фақатгина ўз манфаатим учун бўлиб қолишидан қўрқаман ва бундан тийиламан. Олимпиадаларда бериладиган имтиёз ортидан ўрин олишни хоҳлашларига кўп гувоҳ бўламан. Гўёки у охирги нуқтаю, ОТМга фақат шу йўл билан осонгина кириш мумкин деб ўйлашади. Ҳамма бир-бирини янчиб ўтиб, бирор ўринга эга бўлишни хоҳлайди. Одам ўзининг аслида нимага ҳаракат қилаётганини яхшилаб ўйлаб олиши керак. Агар ўз манфаати йўлида бўлса, бу кўзланган чўққига етиш учун жуда қисқа муддатли ҳаракат берувчи мақсад деб ҳисоблайман.

— Шу пайтга қадар Ўзбекистондаги «Билимлар беллашуви», фан олимпиадаларида иштирок этганмисиз?

— 5-синфлигимда она-тили ва адабиётдан «Билимлар беллашуви»га қатнашганман. Айтарли натижа бўлмаса-да, бу мендаги илк тажриба эди. Бир пайтнинг ўзида тарихга ҳам жуда қизиқардим. Устозимни яхши кўрардим. Тарихдан «Билимлар беллашуви»га чиқиш ниятим бўлган. Устозим тўсатдан бошқа ишга ўтиб кетдилар. Ўринларига келган ўқитувчининг билими, тажрибасига эса мен мослашолмадим. Орада ботаника ўқитувчимиз ҳам алмашди. Нафиса Темирова исмли устоз ўсимликлар оламига шу даражада олиб кириб кетардиларки, ичидан чиқиб кетолмасдим. Дарсдан кейин қўшимча машғулотларга ҳам қолардим. Шу фандан беллашувга бориш ниятимни билдирдим. Бир ой қолганда тайёрланишни бошладик. Ҳудуд босқичида биринчи ўринни олиб, тумандан тўртинчилик билан қайтганман. Жуда қисқа муддатли тайёргарликда ёмон натижа деб ҳисобламаганман. Аммо йиқилсам, алам қиладиган жойи борки, ўрнини тўлдирмагунимча, жойимга қайтиб ўтирмайман. 7-синфлигимда ҳудуд ва туманда бир, вилоятда эса иккинчи ўринни олдим. Энди биологиянинг ичига кирган ва у ҳаётимнинг ажралмас бир қисмига айланиб улгурган эди. 8 ва 9-синфлигимда яна ҳудуд, туман босқичидан биринчи ўринни олдим. Бу пайтда эса беллашувнинг вилоят ва республика босқичи бекор қилинди.

«Билимлар беллашуви»нинг республика босқичи 2018 йил, вилоят босқичи 2018 — 2019 йиллардан ўтказилиши тўхтатилган. 2019 — 2020 йиллардан эса «Билимлар беллашуви»ни ўтказиш бутунлайга тўхтатилган. ХТВнинг аниқлик киритишича, бунга умумий ўрта таълимда кўрик-танлов ва фан олимпиадалари каби тадбирларнинг кўпайиши сабаб бўлган. Ўқувчиларнинг ёш-психофизиологик ҳолатларини инобатга олиб шундай йўл тутилган.

Лицейда биринчи курслигимда биология олимпиадасининг Тошкент шаҳар босқичида учинчи ўринни олдим. 2-курслигимда эса шаҳар босқичида ҳам биринчиликни олиб, Республикага чиқдим. Ундан эса 4-ўрин билан қайтдим. Бунинг ҳам ўз сабаблари бор. Мен бир пайтда ҳам республика, ҳам халқаро олимпиадага тайёрланишим керак бўлди. Аммо иккиси шимол ва жанубий қутблар сингари бир-биридан анча йироқ эди. Республика олимпиадасида миллий мактаб дарсликларини ўқисам, халқародагисида хорижий китоблар, энциклопедиялардан тайёрланишим керак эди. Иккисига ҳам қатнашиш, аммо иккинчиси билан кўпроқ шуғулланишга қарор қилдим. Шундай қилиб, миллий дарсликлардаги ҳар доим икки марта ўқийдиган мавзумни бир мартадан ўқишимга тўғри келган. Бу ўзининг таъсирини кўрсатди, албатта.

Ўзбекистоннинг шарафини мамлакат ичида кўтариб берадиганлар кўп, лекин халқаро майдонда ҳимоя қиладиганлар саноқли. Ўша саноқлилар ичига тушдимми, масъулиятни ҳам ола билишим керак, деб ҳисоблагандим.


— Мактаб ва лицейдаги ўндан ортиқ фанни ўқиш ва олимпиадаларга тайёрланиш қийинчилик туғдирмайдими?

— Енгилликлар бериларди. Мактабда фан олимпиадасининг қайсидир босқичига ярим ёки бир ой қолганда бошқа дарслардан озод қилиниб, фақат олимпиадага тайёрланаётган фанимизни ўқирдик. Лицейнинг биринчи курсида эса пешин маҳалигача дарсларга қатнашардим. Ўқишдан чиқиб кеч киргунча баъзан устозим ҳамроҳлигида, баъзан эса ўзим фақат биология билан шуғулланардим. Иккинчи босқичлигимда халқаро олимпиадада иштирок этадиган ўқувчиларни дарслардан озод қилиш тўғрисида кўрсатма берилганди. Шундан кейин кун давомида фақат биология билан шуғулланганман.

— Бу енгилликлар бошқа фанларни ўзлаштиришда бўшлиқлар пайдо қилмайдими?

— Олимпиаданинг ичида етти йилдан бери юрган бўлсам, бунақа гапларни кўп эшитаман. Математикадан тайёрланяпман-ку, инглиз тилим қолиб кетяпти дейишади. Ёки исталган бошқа фанларни мисол қилиб келтиришади. Аммо буни тасаввур қилишга бироз қийналаман. Чунки ушбу ҳолат билан боғлиқ муаммо менда бўлмаган. Мактабда ҳамма фанни яхши ўқиганман. Қолган фанларимга қайсидир муддат қатнашмаган бўлсам-да, тестларда ўша фандан олимпиадага чиқадиган боладан кам натижа кўрсатмаганман.

Лицейда эса биринчи курслигимизда ОТМ имтиҳонлари учун бешта фандан тайёргарлик кўришимиз керак эди. Ўша пайтдаги оилавий шароитимиз қийинроқ бўлганининг ҳисобига бешта фанни ҳам репетиторга бориб ўрганишим учун имконимиз етмаган — иккитасига бора олганман. Она тили, математика, тарихни эса мустақил ўқиганман. Ҳар ой биринчи ва иккинчи курслардан таркиб топган 300 нафар ўқувчидан блокли тест олинарди. Шу муддат давомида бирор марта уч ёки бешталик ўриндан тушмаганман. Гарчи тенгдошларим ёки бир курс юқориларнинг аксарияти беш фандан ҳам махсус ўқитувчига бориб тайёрланса-да, кўпинча улардан юқори натижа қайд эта олганман. Одамда чин дилдан нимагадир хоҳиш бўлса, бемалол, уддалай олади.

— Фақат битта фан билан машғул бўлиш зериктирмаганми? Бир неча йил давомида айнан бир хил китобларни қайта ўқиш, ёдлашчи?

— Ўзбекистон олимпиадаларида тайёргарликлар зериктирарди. Лекин халқарога тайёрланиш жараёнида янгилик олмаган, ўрганмаган куним бўлмади. Бунинг учун ҳамма соҳалардан бир шингилдан билиш керак. Биоинформатика учун информатикани, биокимё учун кимёни, ҳайвонлар физиологияси учун бутун ҳайвонлар оламининг орасига кириб-чиқишингиз, ёриб кўришингиз керак бўлади. Ҳар қадамим янгилик бўлди.

— Ўзбекистон ва халқаро олимпиадаларда қандай фарқларни сездингиз?

Халқаро олимпиаданинг назарий саволлари Ўзбекистонда бериладиган саволлардан кескин фарқ қилади. У ерда математика ва мантиқ асосий ролни ўйнайди. Тестлар аралаш: очиқ (калитли — таҳр.) ва ёпиқ (калитсиз — таҳр.), саволга келтириб қўйилган жавобнинг тўғри ёки нотўғрилигини ёзиш керак бўлади, атамаларни уларга мос қоидалар билан бирлаштирадиган ҳолларда учрайди.

Шунингдек, апелляцияларда сезиларли фарқ бор. Баҳолаш жараёнида Ўзбекистонда апелляцияга ўқувчининг ўзи киради. Халқаро олимпиадада эса мамлакати жўнатган масъул вакил ўқувчининг тўғри жавоби хато бўлиб қолмаслиги учун қараб туради. Ўқувчи имтиҳонни топширдими, бўлди, энди дам олиши керак. Ҳакамларнинг олдига кириб менинг бу жавобим тўғри эди деб, ўзини, асабларини чарчатиб ўтирмайди. Масъул вакил ҳамма вазифани ўзи бажаради.

— Олимпиадаларда қачондир баҳолашдан ёки саволлардан норози бўлганмисиз?

— Ўзбекистонда неча марта апелляцияга қатнашган бўлсам, ҳар сафар норози бўлганман ва ҳозир ҳам норозиман. Бу жараёнда бошқа фанлардан қандай мутахассислар қўйилади, билмайман. Аммо ўзим кирган апелляциялардаги мутахассисларнинг билим даражасидан қониқмаганман. Масалан, лицейнинг биринчи курсида Тошкент шаҳар босқичида апелляцияга киргандим. Аслида китобда ёзиб қўйилган жавобимни хатога чиқаришган. 20 йиллик тажрибага эга ўқитувчига китобдан айнан ўша жойни кўрсатиб беришимга қарамасдан уни қабул қилмаган. Нотўғрилигини исботлаб беринг десам, исботлаб ҳам бермаган. Эҳтимол, у мен ҳақлигимни ҳам билар, фақат мақсади бошқа бўлгани учун қабул қилмаган деган хулосага келганман.

— Ўзбекистондаги фан олимпиадалари тизимида айнан нималарни ўзгартириш керак деб ҳисоблайсиз?

— Фан олимпиадалари тизими битта ҳам хатосиз, зўр ишлайди деб айта олмайман. Хатолар кўп. Буни олимпиаданинг ичида юрган одамларнинг ҳаммаси билади. Уларнинг дарди бир. Аммо бу билан улар ҳаракат қилмаяпти, ишламаяпти деб айтишга виждоним қийналади. Чунки ҳозир очилган Фан олимпиадалари департаменти ҳақиқатдан ишлаяпти. Кўп йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни бирданига ҳал этиш ҳам имконсиз.

Амалий машғулотларни кўпайтириш, апелляцияларнинг шаффофлигини таъминлашларини хоҳлардим. Шунингдек, ғолиб ўқувчилар кенг миқёсда рағбатлантирилиши керак деб ҳисоблайман. Бу болаларнинг ўзида интилишни оширибгина қолмай, одамларда яхши ўқишнинг ортидан, яхши мукофотланиш мумкинлиги тушунчасини ҳам бера олади. Тўғри, бугун илм эгаларига кўпроқ эътибор қаратишга ҳаракат қилинмоқда. Бу яхши, албатта. Аммо фан олимпиадасининг нима эканини билмайдиган одамлар ҳам бор.

Биласизми, ўзимиз тарафларда ҳалигача олимпиадада ютганимни эшитиб «курашчимиз, гимнастикачимисиз», — деб саволлар беришади. Йўқ, фан олимпиадасида ютганман десам, «шунақа олимпиада ҳам бўладими», — деб ҳайрон қолишади. Баъзида паст назар билан менсимагандек қарашади. Фан олимпиадалари ҳам жаҳон аренасида Ўзбекистоннинг номини, байроғини кўтариб беради-ку, нега одамлар уни билишмайди деб ранжиб кетаман.

Қолаверса, илм фақат марказларда қилинмайди. Илмлилар ҳам фақат шаҳарларда яшайдиганлар орасида эмас. Чекка туманларда ҳам халқаро олимпиадалар ҳақида кўпроқ, кенгроқ маълумотлар берилишини хоҳлайман. Мактабда 6-синфдан бошлаб биологиядан «Билимлар беллашуви»да иштирок этиб келаётган бўлсам, бир йил олдин — Тошкентга келиб академик лицейнинг биринчи курсида шаҳар олимпиадасига бориб, биологиядан халқаро олимпиада борлигини билганман. Ҳолбуки, 2013 йилдан бери Ўзбекистон терма жамоаси унда иштирок этиб келаётган, 15 ёшга тўлган, исталган ўқувчи қатнашиш учун даъвогар бўлиши мумкин экан. Аммо бундан хабарсиз эдим.

Дейлик, Ўзбекистон шарафини халқаро доирада ҳимоя қилиб бера оладиган қайсидир бола Бахмалнинг чекка жойида ўқиётгандир. Унинг ўзи бунақа имконияти борлигини билмаётгандир. Тарғибот ва етказиш кенгайиши керакки, токи бехабарлар қолмасин.

— Кутилган натижага эришолмаганда сизда руҳан сиқилишлар бўлармиди? Фаннинг қайсидир қисмини ўзлаштириш қийинлашганда шу йўлдан воз кечгингиз келган пайтларчи? Агар бўлса, уларни қандай енгардингиз?

— Қийинчиликлардан фанни ташлаб кетиш нияти жуда ҳам кўп бўларди. Инсон нимагадир ҳеч қачон етишолмаслигини билгандагина ундан воз кечади. Ташлаб кетмоқчи бўлган пайтларимда, Азиза, шошма, шунга эриша оласанми, деб ўзимга савол бераман. Агар «ҳа» жавобини топа олсам, демак, тўхташга ҳали эрта бўлади. Ёки бир синаб кўрай, деб таваккалига ҳаракат қиламан. Дейлик, қийналганимда «ўша ишни қилолмасам керак» деган ўй миямдан ўтса, тезда ҳаммасини тўхтатаман.

Кутилган натижа бўлмаганда руҳан сиқилишлар ҳам кўп бўларди. Аммо мактабда ўқиб юрган пайтим ота-онамнинг бағрида бўлганим учун бундай жараён узоқ давом этмасди. Қанақа натижа бўлишидан қатъи назар улар доим мен билан фахрланишларини билдиришар, шунинг ўзи йиқилган жойимдан туриб кетишимга етарди.

Охирги икки йилда ота-онамдан узоқда бўлиш ҳар қанақасига қийнади. Улар қўллаб-қувватлашда давом этишса-да, ёнимда бўлмаганлари муваффақиятсизликларда мени ёлғизлатиб қўярди. Айниқса, шу йили республика олимпиадасининг жавоби чиққач, катта зарба олдим. Бир йил аввал халқаро доирада биринчиликни қайд этган ўқувчи, энди республиканинг ўзида тўртинчи ўринни олиши унинг ўзига турли руҳий босимлар бериши табиий. Кетма-кет ғалабалар билан қайтганимдан охирги пайтлар уйга борсам, нечанчи ўринни олдинг деб сўрашмай ҳам қўйишган, табриклаймиз, биринчи ўрин билан, деб қучоқлаб кетишарди. Республика босқичи бу йили Навоийда бўлганди. Уйга қайтсам, хурсанд кутиб олишди. Мен эса натижа бўлмагани, тўртинчи ўринни олганимни айтдим. Ўзимдан ҳам кўра кўпроқ улар шокка тушди. «Қанақасига?», — деб юборишди. Уларга Худо хоҳласа, халқаро олимпиададан натижа бўлишини айтдим ва мени ноқулай ҳолатга туширмаслик учун тезда ҳайратларини йўқотишди. Қаерда, нечанчи ўринни олсам ҳам ота-онамнинг қизи бўлишда давом этишим ва улар мендан доим фахрланишларини билдиришди. Мен учун бундан муҳим қўллаб-қувватлов йўқ.

Биологиянинг ичида юрганлар ҳам буни тушуниши қийин. Олимпиадага қайта-қайта борадиганлар танилиб қолади. Мени билганларнинг ҳаммаси натижалар чиққач, «нимага бунақа бўлди?» деган савол билан юзланишган. Уларнинг ҳар бирига мен бундан-да каттароқ нарсани кўзлаяпман деб тушунтириб беролмас эдим. Шундай қилганимда ҳам бесамар ҳаракат бўларди. Буни тушуниши учун айнан ўша вазиятни бошдан ўтказган бўлиш керак, назаримда. Лицей раҳбарияти ҳам натижамдан ранжиди ва буни билдирди. Аммо устозим тўғри тушунганлар. Бошидаёқ «Азиза, икки йўлдан қайси бирини танласанг ҳам танловингни ҳурмат қиламан, фақат қаттиқроқ меҳнат қиласан», — дегандилар.

Биласизми, бизда олимпиаданинг моҳиятини болалар ҳам, катталар ҳам хато тушунишади. Унда бир марта ғолиб бўлган ўқувчидан иккинчи марта қатнашганда ҳам шундай натижани кутишади. Бир марта шоҳсупага кўтарилдингизми, иккинчисига сиз шунчаки билимингизни синаб кўриш, ўзингизга бўлган ишончни ошириш учун ҳаракат қилолмайсиз. Бошқалар — ўқитувчингиз, мактаб ё лицейидаги раҳбарлар, баъзан ота-онангизнинг хоҳишини рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилишингиз керак. Уларнинг умидлари, ҳеч бир нуқсонсиз қилаётган ишончлари сизга гўёки ғолиб бўлишни мажбурият эканини англатади. Халқаро олимпиадада шу йилги саралашлардан то Арманистондаги барча босқичлардан ўтгунча ана шундай мажбурият ҳисси мени ҳам тарк этмади. Мендан ҳамма яхши натижа кутяпти, эплашим керак деган ўй миямдан айланаверарди.

Шу пайтга қадар неча марта олимпиадага қатнашган бўлсам, мағлублар ҳар сафар йиғлаб кетади. Уларга олимпиада жанг майдони эмаслигини тушунтириш керак. Билмадим, бу вазифани ким бажаради? Масалан, менда ота-онам буни тушунтира олган. «Олимпиада — шунчаки бир тажриба. Унда ютгин хоҳ, ютқизгин, ҳаётинг давом этаверади. Ўрганганларинг, унда орттирган дўстларинг қолади. Агар бирор жойида адолатсизликни кўрсанг, ҳаёт ҳам бекам-у кўст эмаслигини биласан. Агар унга қарши курашсанг, бошқа адолатсизликларга ҳам қарши курашиш кераклигини биласан. Муҳими доим ёдда тутгинки, кимдир хурсанд бўлиб турганда унинг олдида йиғлама, кимдир йиғлаётган маҳалда эса кулма», — дейишарди.

Улар мени нафақат мағлубиятдан чўкмасликка, балки ғалабадан мағрурланмаслик, кибрланмасликка ўргатишган. «Қизим, сенга бир кун берилган шараф иккинчи кун берилмаслиги мумкин. Қанчалик тепага чиқсанг, пастга тушишинг шунчалик оғриқли бўлади. Асалнинг ҳам меъёри яхши дейишади. Ютганда ҳам, ютқизганда ҳам одам ўзини йўқотиб қўймаслиги керак. Яна ҳам йиқилиш бўлса, ғалабанинг қадрига етасан. На ғалабанг ва на мағлубиятинг сени ўзгартирмасин», — дейишарди. Олимпиада бу ҳаётнинг тугаши эмас. Унинг жавоби бугунга ҳам, келажакка ҳам ўзгартириб юборадиган даражада таъсир кўрсатмайди. У кичкина зиначалардан бири. Биттасидан сакраб ўтгандан кейин бошқаси келаверади.

— Сизни дарс тайёрлашдан нималар чалғитарди ва улардан қандай чекланардингиз?

— Табиатан қизиққон бўлганим учун айнан қайсидир йўналишга эътиборимни қаратишим учун кўп нарса халал беради. Бир жойда битта машғулотни узоқ вақт давом эттиришим қийин. Қизиқишларим тез ўзгаради. Умуман, ичимда бошқа, ташқаримда бошқа Азиза яшайди. Бирор вазифа топширилса ёки қайсидир муддатда ниманидир тугатишим керак бўлса, ичимдаги Азиза устун келганда уни тугата оламан. Аммо акси бўлса, қолиб кетади.

Мени одатда ё телефон, ёки китоблар бирор қилаётган ишимдан, дарсимдан чалғитади. Аслида телефондан ҳам ўзим учун фойдали маълумот ёки илм олишда кўп фойдаланаман. Аммо унга ҳам меъёр қўймасангиз, асосий вазифангиздан чалғитиб қўяркан. Шунинг учун ҳар ярим соатда телефонимни будильникка қўйганман. Унда ҳар хил мотивацион сўзлар янграйди. Тўғри, доим ҳам таъсир қилиб, ёрдам беравермайди. Бироқ бу ўзимни тартибга солиб олиш учун бир воситача. Аслида одам телефонни ўзи қўлига олмаса, ҳеч қачон телефон ўз-ўзидан югуриб келиб қолмайди. Шунинг учун ҳам ҳаммасини ўз вақтида режалаш ва режаланган ишни вақтида қилиш керак. Агар ичимда дангасалик қайнаб турса, бошимга бир уриб, «жим ўтириб тур, ҳозир дарс қилиш вақти», дейман.

Лекин керакли жойда китоблардан ўзимни қандай чеклашни ҳозиргача билмайман. Балки бу қон билан юққандир деб ўйлаб ҳам қоламан. Telegram ё бошқа тармоқларда бирор китобнинг тақризи олдимдан чиқиб қолса, қизиқ бўлса, ўша китобни олиб келиб, ўқиб тугатмагунимча хаёлим бир жойга келмайди. Ичим сиқилаверади, дарсга ҳам қўлим бормайди. Балки вақт ўтиб бунга ҳам чора топа оларман.

— Умуман олганда, ўзини ҳар доим чеклаш тўғрими? Унинг ҳам меъёри борми?

— Йўқ, ўзини ҳамма нарсадан ва ҳар доим чеклаш тўғри эмас. Илм одамлари бепарвороқ бўлади. Атрофдаги воқеа-ҳодисаларга, ўзининг кун тартибига ҳар доим ҳам эътибор беравермайди. Қачон тажрибаси ўхшаса, иши олдинга силжиса, кейин бўшайди. Бўлмаса, ўшанинг ичида яшаб юраверишади.

Бир марта ўзим ҳам қаттиқ пушаймон ейишимга озгина қолди. Ўқиш давомида ўзимга, овқатланишим, юриш-туришимга эътибор бермаганим сабабли айнан олимпиада бошланишига бир ҳафта қолган вақтда ковиднинг белгилари сезилди. Ота-онамнинг олдида эмас, Тошкентдаман. У ердаги ижара уйда аввал опаларим билан турардим. Ўша пайтда улар ҳам ўқиши тугагани учун вилоятга қайтишганди. Эрталаб кўзимни очаман, ҳароратим кўтарилиб кетган. Бошимни ҳам кўтаролмайман. Икки кун ўзимни амаллаб юрдим, учинчи кундан дарсга ҳам боролмадим, кўчага ҳам чиқолмадим. Уйдагиларга келинг деб айтсам, улар ҳам ишли одамлар. Ойим билан дадамнинг мендан ташқари яна тўртта фарзандлари бор. Ўзим учун уларни ишдан қўйиб, ризқларидан тўсишга сабаб бўлгим ҳам келмайди. Катта эҳтимол билан олимпиададан қолиб кетишим мумкин эди. COVID-19 тестининг манфий натижасисиз Арманистонга киролмайман. Кейин ойимнинг ўзлари телефондаги гап-сўзларимдан сезиб қолдилар. Шифокор бўлганлари учун тез ва самарали даволаниш мумкин бўлган йўлларини айтдилар. Уч кунларда аҳволим яхшиланиб, тест топширдим. Шукурки, натижалар манфий чиқди.

Инсон ўзини овқатдан, дам олишдан мутассил равишда тўсадиган бўлса, чекланган нарса икки-уч баробар вақтини оладиган бўлиб қайтиб келади. Вақтида дам олиш, вақтида овқатланиш, вақтида ўқиш керак. Бу жуда ҳам муҳим. Ислом динида ҳам бу тақиқланган. Бутун танамиз, аъзоларимиз бизга омонат. Ҳаттоки, таълим олиш — фарзи аъйн учун бўлса-да, уларга зиён етказиш гуноҳ саналади. Одамнинг ақлий фаолияти оч бўлганда ҳам, чарчаганда ҳам ишламайди. Ўзим бунга риоя қилмай, қийналганим учун энди хатоларимни тузатишга ҳаракат қиляпман ва бошқаларга қайсидир маънода буни маслаҳат тарзида айтишим мумкин.


— Ўзбекистон мактаб тизимидан нималарни ўзгартиришни хоҳлардингиз?

— Олимпиадада бир-икки чет эллик тенгдошларим билан гаплашганимда улар ҳатто халқаро олимпиада учун биз сингари алоҳида, махсус тайёрланишмасликларини айтишганди. Ҳайрат аралаш сабабини сўраганимда, «ахир, бу фан мактабда ўтилади-ку, ўша ерда ўрганамиз», — деган жавобни беришди. Яхши ва намунали таълим қандай бўлади деган саволга ўқувчи халқаро доирада ҳам мактабдан олган таълими билан билимини синай оладиган даражада, деб жавоб бераман.

Мактабда кераксиз фанларни олиб ташлаб, болага қизиқадиган фанларини ўргатиш ва амалий дарсларни кўпайтириш тарафдориман. Билишимча, бир қанча давлатларда болалар кун давомидаги ҳамма дарсларини ҳам синфларда ўтишмайди. Масалан, ботаникадан дарахт мавзуси ўтиладими, дарахтлар бор жойда, зоологиядан чувалчанглар мавзуси бўлдими, имкон қадар далада ўтиш, ўқувчилар ҳар бир объектни кўзи билан кўриб, қўли билан ушлаши, хусусиятларини ўша ернинг ўзида билиши керак деб ҳисоблайман. Бизда эса мактаб болаларга стул-партада ўтириш, одобли бола бўлиб, сукут сақлашни ўргатадиган жой бўлиб қолган. Мактаб болани қамаб ўтирадиган макон бўлмаслиги керак.

Бола кичкиналигидан қайсидир фанга қизиқмаяптими, ўқитувчиси, ота-онаси очолмаяптими, вақтни йўқотмай унинг майли кўпроқ тортаётган фанга йўналтириш керак. Мисол учун, 3-синфлигида мусиқани жудаям яхши кўриб, табиатшуносликни ёмон кўрадиган бола 10-синфга борганда биологияни яхши кўриб қолишининг эҳтимоли жудаям кам. Бола бундан вақтини йўқотгани қолади. Мен ҳамма хоҳлаган фанини ўқисин дейиш тарафдори эмасман, албатта. Бола кичкиналигида ўзига нима яхши ёки ёмонлигини ҳам билмайди ҳатто. Аммо ўқитувчи, психологлар ва ота-она унинг қайси фанга иқтидори борлигини аниқлаши ва шу билан кўпроқ шуғуллантиришлари керак деб ҳисоблайман.

— Ота-онангиз, оилангизнинг олимпиадалардаги муваффақиятингизда ўрни қандай?

— Катта ва оддий оилада туғилганман. Дадам ошпаз, ойим эса ҳамширалар. Акамдан кейин кетма-кет уч қиз туғилганмиз, кейин эса укам. Дадам акам ва укамнинг ўқишидан кўра, биз қизларникига кўпроқ эътибор қаратадилар. Ёшимиз орасидаги фарқ у қадар катта эмас. Доимо мактаб, репетитор ёки университетда ўқиш пайтимиз ҳам бир йиллик фарқ билан кетма-кет тўғри келиб қолаверади. Ота-онам қанчалик қийналишмасин, барчамизнинг ўқишимиз, бировдан кам бўлиб қолмаслигимиз учун ҳаракат қилишарди. Акам билан опам ўқишга киришди. Шу пайтда мен Тошкентдаги академик лицейда ўқимоқчилигимни айтдим. Улар грант асосида ўқишса-да, икки талабанинг яшаши, бошқа харажатлари ўртаҳол оила учун оғирлик олиб келиши табиий. Яна мен шаҳарга кетаман деяпман. Шу пайт пандемияга тўғри келиб қолганди. Дадам ишсиз қолдилар. Лекин дадам акам билан опангни ўқитяпман, сени шаҳарга жўнатишга қийналаман демадилар. Ўқишимиз учун Россияга ишлашга бориб келдилар. Икки халқаро олимпиададан 180 миллион сўм мукофот пули олдим. Уларни ота-онамга бердим. Шуни ҳам ўзларига эмас, бизнинг ўқишимиз ёки яхшироқ шароитда яшашимиз учун сарфламоқдалар. Аллоҳ улардан рози бўлсин.

— Ўқиш ва ўрганишингиздаги айнан қандай муаммолар бўлмаганда сиз ҳозиргидан ҳам яхшироқ натижага эришардингиз? Исталган муаммолар — шароит, устозлар ёки ўзингизнинг шахсий сифатларингиз билан боғлиқ бўлиши мумкин.

— Шароит жиҳатдан муаммоларим бўлмаган ҳисоб. Буни мослаб беришган. Китоб масаласи мени кўп қийнарди. Мактаб дарсликларини ҳамма жойдан топса бўлади, бироқ халқаро биология олимпиадасига тайёрланиш учун инглиз ёки рус тилини билмайдиган болалар учун ўзбек тилидаги маълумотни топиш жуда катта муаммо. Тил борасида ҳам ҳар кимнинг иқтидори ёки шароити ҳар хил бўлиши мумкин-да. Ўзим ҳам биринчи йилги олимпиадада ўзбек тилида бирорта китоб тополмай, пешонам қайта-қайта шу муаммога текканидан, инглиз тилини чуқурроқ ўрганишни бошлагандим. Тўғри, орада тил билиш даражамни мустаҳкамлаб олдим. Аммо инглиз тилида ўқиб, эшитиб тушуна оладиган даражага етгунча қайсидир муддат вақтдан ютқаздим деб ҳисоблайман. Энди ўйлаб кўринг, мен сингари қанчадан-қанча ўзбекистонликларнинг муаммоси она тилидаги манбаларни тополмаслиги бўлиши мумкин.

Ўзбек тилининг ўзидаги дарсликлар мукаммал эмас. Ҳатто олий ўқув юртларининг махсус дарсликларида ҳам хатолар жуда кўплигини тайёрланиш жараёнида кўрдик. Улардаги маълумотлар жуда ҳам эски. Адашмасам, 1980−90 йилларда рус тилида чиқарилган китоблар бизда ҳалигача таржима қилиниб, ўқитиб келинмоқда. Илм битта жойда турадиган нарса эмас, ўзгармасдан яшолмайди. Мисол учун, уч йил олдин балиқларнинг 70 та тури бўлса, бугунга қадар қанча янги балиқ турлари очилди? Балки у сон 90 та бўлган, эҳтимол, юзтадан ошиб ҳам кетгандир. Қанча ноёб турлар кашф этилди, қанча турлар «Қизил китоб»га киритилди-ю, қанчалари чиқарилди? Мана шу маълумотлар ҳар янгиланганда дарсликларга киритилмас экан, талаба ёки ўқувчи буни қаердан билади? Ўзбекистонда дарсликларни янгилаш, манбаларга эътибор бериш жудаям суст. Айтиб ўтиш керак, яқинда кўп мактаб дарсликлари қатори биология дарсликларига ўзгартириш киритилди. Ҳаммасини ҳам очиб кўрганим йўқкуя, лекин 6 ва 7-синфларникини кўриб чиқдим. Китобга ёндашув ўзгарган. Креативлик бор. Мавзулар биз ўқиган пайтлардагидек матн ва савол-жавобдангина иборат бўлиб қолмаган. Жаҳон стандартларига мос, болани қизиқтирадиган, расмлари кўп, интерактив китоблар тайёрлашган. Лекин ҳали ҳам маълумотлар ва йўналтирувчи нарсалар керакли ва етарли даражада деб ўйламайман. Чет эл китобларида ўқувчининг кўпроқ «self-education» (мустақил таълим)ига урғу берилади. Чунки қайсидир йўналишга оид барча маълумотларни битта мавзуга сиғдириш имконсиз. Асосий, қизиқтирувчи қисмлар билан луқма ташлаб қўйиладики, уларни ўқиган ўқувчи қизиқиб, «self-education»да дарсликдагидан-да кўп нарсани ўрганиб олади.

Яна бир муаммо — ўзбек тилидаги дарсликларда ҳажмга ҳаддан ортиқ урғу бериб юборишади. Баъзан бир бетдаги маълумотларни тушуниш учун такрор ва такрор ўқишингизга тўғри келади. Ўқувчини қийин атамалар билан фандан бездиргандан кўра, мавзуни тушунарли, содда мазмунда бериш яхшироқ фойда беради деб ҳисоблайман.

Марказда халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, ундан ўнг тарафда иккинчи Азиза Абдувалиева.

— Яхши таълим олиш учун барча имкониятлар бўлиши керак. Бола яхши мактабга, яхши устозларнинг қўлида ўқиши, уйда ҳам шароитлар бўлиши керак, деган фикрлар бор. Сиз бунга қўшиласизми?

— Йўқ, қўшилмайман. Яхши шароитда ҳар бир ўқувчи ёки бола таълимнинг охирида яхши билимга эга бўлганда Ўзбекистоннинг анча аҳолиси зиёлилар қатламидан иборат бўларди. Яхши шароит ҳар доим ҳам яхши натижа бермаслиги аниқ бўлгани учун ҳам боланинг ўзига, унинг тарбиясига эътибор бериш кераклиги ҳақида кўп гапирилади. Агар бола яхши шароитда ўсса-ю, унга кичкиналигидан илмдан қандай фойдаланиш ўргатилмаган бўлса, у шароитнинг қадрига етмайди ва имкониятларини исроф қилади. Агар илмнинг қай даражада муҳимлиги ўргатилса, ўзининг ирмоғини топиб, вақти келганда ўзига ўзи шароит ҳам яратиб олади.

Биласизми, инсон фитратига хос бир нарса бор — нимадир унда йўқ бўлса, ўшанинг бор бўлиши кераклигини билади ва шунга қараб интилади. Бизга ҳам ота-онамиз имконият яратиб беришга ҳаракат қилишган. Лекин оғзимиздан ноутбук чиқса, ноутбук, телефон десам, телефон ёки анави ўртоғим бунақа дафтар-китоб ишлатаётган экан, бизга ҳам олиб келиб беринг деганимизда ҳаммасини, ўша заҳотиёқ муҳайё қилишмаган. Бор шароитдан фойдаланганмиз. Репетиторга пул йўқлигини билсак, китобларни олиб келиб мустақил ўқиганмиз. Ўзимнинг ҳатто ўқитувчисиз қайсидир фандан тайёрланиб, анчагина муваффақиятга эришган дўстларим бор.

— Ўзингизнинг 12 ёшли ҳолатингизни учратганда унга нима дердингиз?

— Ўша пайтдаги Азизани учратганимда тўғри йўлни танлаганлиги учун раҳмат айтардим. 12 ёшимда она тили ва биология ўқитувчим ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. 5-синфда она тилидан «Билимлар беллашуви»га борган бўлсам, 6-синфлигимда эса ботаникадан иштирок этишни хоҳлаганман. Ўшанда она тили устозим ботаника устозимдан ўқувчимни олиб қўйдингиз деб хафа бўлган. Улар эса менга фарқи йўқ, ўзининг истагини билинг, деб жавоб берганлар. Она тили устозим таклифларини рад этсам-да, мендан умид қилишда давом этардилар. Кейинчалик улар доскага чиқарсалар ҳам мендан совишлари, кўнгиллари қолиши учун билган саволларимга жавоб бермай, тестларни нотўғри ишлаб берардим. Ўшанда қаттиқ хафа бўлиб ўзимдан кичкина синфдагиларга битта фанни ушладингизми ўшандан кетинглар, шохдан-шохга учманглар, деб мени мисол қилиб кўрсатганларини кўп эшитардим. Кейинчалик биологиядаги ютуқларимни кўриб муносабатлари ўзгариб, тўғри йўлни танлаганимни таъкидладилар. Ҳозирги ютуқларимда ўша пайтда қилган тўғри танловимнинг ўрни бор деб ҳисоблайман.

— Бадиий китобларнинг ҳаётингиздаги ўрни қандай?

— Ҳаётимнинг ярми бадиий адабиётдан иборат. Бунга оилавий муҳит сабаб бўлса керак. Ойим ҳам, дадам ҳам адабиётни жуда яхши кўрадилар.

Кичкиналигимиздан олиб берган китоблари эса ажойиб хотира бўлиб қолган. Ойим доим китоб ерда турса, ўнг қўлинг билан олиб, тепага қўй, ҳеч қачон китобни туртиб кетма, китоб йиртилдими, дарров ямаб қўйгин, чизма, йиртма деб такрорлашлари эсимдан чиқмайди. Аслида китобга муҳаббат шунақа кичкина нарсалардан бошланса керак. Оилада ҳар биримизнинг китоб жавонимиз бор. Ойим ёшликларида ўқиган кўп китобларини бизга тасвирлаб берадилар. Қизиққанимдан мен ҳам ўша китобларни кўргим, ўқигим келади. Аммо ойимнинг ёшликларида китоб йиғиш қийин бўлгани учун улар энди йўқлигини айтадилар.

Ҳозир ўзим ўқиган ҳар бир китобимни жавонимга олиб қўяман. Келажакда фарзандларимга қайсидири ҳақида гапириб берсам, мана шу ўша китоб эди, неча марта варақлаганман, мана, қўлларимнинг излари деб кўрсатишни ният қилганман. Охирги икки йилда жавонимни тўлдириш бироз сустлашди. Олимпиадага тайёрланиш жараёнида камроқ китоб ўқидим. Лекин ҳеч қачон уларни ўқишни ташлаб қўёлмайман.

— Ўзингиз учун севимли китоблар қайсилар?

Аллоҳнинг каломи — Қуръони Карим, Жеймс Клирнинг «Атом одатлар», Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Ижтимоий одоблар» «Иймон», Имом Заржунийнинг «Илм олиш сирлари», Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳнинг «Уламолар наздида вақтнинг қадри», Светлана Алексиевичнинг «Чернобил таваллоси» китоблари, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», Примқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» ва «Авлодлар довони» романлари.

— Хотирангиз қандай?

— Алҳамдулиллаҳ, нолимайман. Жудаям яхши.

— Биологияда ёдлаш муҳимми ёки мантиқий фикрлай олиш?

— Иккаласи ҳам. Биологияда математик ҳисоб-китоблар кўп учрайди. Ҳисоблашда ёрдам берадиган кўрсаткичлар ҳам кўп бўлгани сабаб ёдлаш муҳим аҳамиятга эга. Мантиқий фикрлашингиздан олдин сизда у ҳақида тушунча бўлиши керак. Тушунчалар эса керакли билимни ёдлаш ҳисобига келади.

— Стрессга чидамлимисиз?

— Кўпинча нимадир ютуққа эришган инсонларни ташқи зарбаларга кучли, иродали деб ўйлашади. Лекин мен кичкиналигимдан бўшангроқ қиз бўлганман. Зарбалар, гапларни ҳалигача кўтаролмайман. Дарров кўзимдан ёш чиқади. Бўлди, ташлаб юбораман, орқага қайтаман дейман-у, лекин ота-онамнинг қўллаб-қувватловлари, силаб-сийпаб, қўлимдан ушлаб турғизиб берадиган далдалари билан ўрнимдан тураман. Мени таниган кимдан сўрасангиз, йўқ, у стрессга чидолмайди, деб айтади. Ота-онамсиз ҳаммаси қийин. Лекин, ҳар қанақа соҳада ҳам одам чидамли, иродаси мустаҳкам бўлиши керак. Чунки қийинчиликлар соҳа ёки инсон танламайди.

— Ҳар бир мақсад амалга ошгач, янгиси қўйилаверади. Эндиги мақсад ва режаларингиз қандай? ОТМ ва касб борасидаги танловингизчи?

— Илмни ташлаб қўймайман. Чунки ўзим ўқишни ҳам, ўқитишни ҳам яхши кўраман. Икки бора халқаро олимпиададан ғолиблик менга Ўзбекистонга тўла ва бир қатор чет эл университетларига қисман имтиҳонсиз кириш имконини берди. Яъни, ўзимизнинг университетларга бирорта ҳам имтиҳонсиз кира олсам, чет эл университетлари бу тартибни ўз хоҳишига кўра белгилайди. Агар улар халқаро олимпиадани тан олишса, фан имтиҳонларидан озод этилиб, суҳбат ёки тил билиш имтиҳонларидан ўтишим ёки талаб қилинган жойга сертификат топширишим керак бўлади. Яна шу йили олган Зулфия номидаги давлат мукофотим ҳам ўзимиздаги университетларга имтиёз беради. Худо хоҳласа, Тошкент педиатрия тиббиёт институтида ўқимоқчиман.

Биринчи курслигимда чет эл грантларини ўрганиб чиқмоқчиман. Лекин, бакалавр даражаси Ўзбекистон ва менга маъқул бирор халқаро университетда бир хил бўлса, албатта, магистратура ёки ундан кейинги таълимларни чет элда оламан.

Ҳозир ҳам чет элга кетишга имкониятим бор. Мен хоҳлаган, мени таклиф қилаётган институтлар учун IELTS сертификати бўлиши талаб қилинади. IELTS имтиҳонига тайёрланаётган ҳам эдим. Бир неча ой давомида вақтимни тўлалигича халқаро олимпиада учун сарфлаганимдан тўхтаб қолди. Имтиҳон ҳам топширолмадим. Орада шундан ютқазиб қўйдим. Яна бошқа вариантлар ҳам бор. Масалан, Германиянинг бир нечта институтлари тил билиш сертификатисиз ҳам суҳбат асосида қабул қилишини билдирди. Аммо устозларим билан маслаҳатлашсам, улар ва Ўзбекистондаги бакалавр ўқитиш тизимида деярли фарқ йўқлигини айтишди. Шу сабабдан ҳам ҳозирча ўзимизда ўқишга қарор қилдим. Орада кичкина мақсадларим бор. Энди уларга ҳам эришсам, ойдинлашаверади.

Касб борасида эса аллақачонлар аниқ тўхтамга келганман. Нейрожарроҳ бўламан. Буни танлашимга оиламизнинг бошидан ўтган айрим синовлар сабаб бўлган. Биз жуда кичкиналигимизда ойимнинг тишлари қаттиқ оғрирди. Жонлари азобланганини кўриб, сиқилиб кетардик. Уларга ойи, мен катта бўлсам стоматолог бўламан, тишларингиз бошқа оғримайди, дердим. Ойим эса, майли қизим, деб қўярдилар. Орадан қанчадир вақт ўтиб дадамнинг қўл нервлари шамоллаб, қаттиқ оғрий бошлади. Ҳаммамиз хавотир олар, Худодан шифо сўрардик. Дадамнинг қийналганларини кўрган ойим, қизим, стоматолог эмас, нейрожарроҳ бўласанми, дедилар. Бўламан, ойи, деб тасдиқладим. Шу билан нерв нима, жарроҳлик нима, нервнинг бутун организмга қандай таъсири борлигига қизиқиб кетдим. Ва ўзимни айнан нейрожарроҳликда кўра олдим.

Маълумот ўрнида, президентнинг 2019 йил 3 майдаги [ПҚ-4306-сонли] қарорига асосан Ўзбекистон ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, уларнинг ўқитувчи ҳамда директорлари маълум миқдордаги мукофот пуллари ва ғолибларнинг ўзига турли имтиёзлар берилади.

Зиёда Рамазонова суҳбатлашди.