24 июль куни Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди май ойида икки нафар ўқувчи қизни уриб юборган Damas ҳайдовчисига нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда «Алмалыкский рабочий» газетаси хабар берди.

Жиноят иши материалларига кўра, 15 май куни соат тахминан 07:50 ларда 19 ёшли С. Хидиров отасига тегишли Damas автомобилида Тинчлик кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган бўлган. 21- мактаб ҳудудида светофорнинг тақиқловчи чироғига эътибор бермай, ҳаракатланишда давом этиб, пиёдалар ўтиш жойидан кўчани кесиб ўтаётган 2009 йилда туғилган икки нафар 7-синф ўқувчисини уриб юборган. Қизлар турли даражадаги тан жароҳатлари билан Олмалиқ марказий шифохонасига етказилган.

Суд-тиббий экспертизаси натижасида қизлардан бирининг бош суяги ёпиқ жароҳати, бош миянинг 1−2 даражали чайқалиши, пешона-чакка қисми жароҳати, тери ости гематомалари, ўнг тизза бўғими соҳасида яралар борлиги аниқланган. Бундай жароҳатлар ўртача жароҳатлар деб таснифланади.

Иккинчи қизда бош суяги очиқ жароҳати, бош суяги асоси синиши, мияга қон қуйилиши, қорин бўшлиғи шикастланиши, тос суяги ўнг томонининг синиши, мия шиши, кўплаб жароҳатлар ва бутун танасида гематомалар бор эди. Бундай жароҳатлар оғир жароҳатлар деб таснифланади, натижада мактаб ўқувчиси тўққиз кундан кейин касалхонада вафот этади.

«Суд-автотехника экспертизаси хулосасига кўра, Damas автомобили ҳайдовчиси Йўл ҳаракати қоидаларига, хусусан, светофор, йўл белгилари ва чизиқлари сигналларига риоя қилганида, йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун техник имкониятга эга бўлган», — деб ёзади газета.

Судда судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. Унинг айби жабрланувчи, қонуний вакиллари кўрсатмалари, ўз айбига иқрор бўлишлари, видеоматериаллар, суд-тиббиёт ва суд автотехника экспертизаларининг хулосалари билан тасдиқланган.

Судда аниқланишича, судланувчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган, бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна бир киши жароҳатланган бўлган ЙТҲ содир этган.

Суд судланувчини Ўзбекистон ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини чеклаган ҳолда 6 йил муддатга манзил-колонияда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.