24 июль куни соат 17:20 атрофида Тошкент шаҳрида 28-йўналишда ҳаракатланаётган Yutong электробуси ҳайдовчиси енгил автомашина ҳайдовчиси айби билан содир бўлиши мумкин бўлган ЙТҲнинг олдини олди. «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси электробус видеокамерасидан олинган лавҳани эълон қилди.

Видеода Nexia-3 русумли автомашина йўлнинг 2-қатнов қисмидан кескин ўнгга бурилиб, Навоий кўчасидаги махсус ажратилган йўлак бўйлаб ҳаракатланаётган электробус йўлини тўсиб қўйганини кўриш мумкин.

Электробус ҳайдовчиси кескин тормоз бериб, тўхташга муваффақ бўлди, аммо салондаги йўловчилардан бири йиқилиб тушди. Унга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тез ёрдам чақирилди ва йўловчи чиптачи ҳамроҳлигида тиббий муассасага олиб кетилди, дейилади компания хабарида.

Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Охирги ойларда автобуслар ва электробуслар билан юз бераётган бир неча йўл-транспорт ҳодисалари бошқа транспорт воситалари ҳайдовчиларининг хатти-ҳаракати ортидан содир бўлмоқда.

Бир кун аввал ижтимоий тармоқларда янги Yutong автобусининг ЙТҲга учраган сурати пайдо бўлганди, бунга эса, тахминларга кўра, енгил автомобиль ҳайдовчисининг йўлнинг иккинчи қисмидан ўнгга бурилишга уриниши сабаб бўлган.