Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров 22 июль куни Telegram`даги каналида камбағаллик мавзусида пост ёзди. Унинг ўйлашича, камбағаллик — мағлубиятга розилик дегани.

«Ўзбекистонда камбағаллик йўқ деб, узоқ йиллар ўзимизни алдаб келдик. 7 йил аввал, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда 34 фоиз аҳоли камбағал эди, 2023 йилда бу кўрсаткич 14 фоизгача қисқарибди. Халқаро мезонлар ўз йўлига, камбағаллик — мағлубиятга розилик, деб ўйлайман», — деб ёзган у.

алишер қодиров, депутатлар баҳси, дониёд ғаниев, камбағаллик

Фото: Қонунчилик палатаси

Алишер Қодировинг сўзларига кўра, биринчи навбатда ҳаракати, илми ва ҳунари йўқ одам камбағал бўлади. «Кимдир ҳаёти давомида имконият изласа, кимдир айбдор излайди. Менимча, давлат қанча ҳаракат қилмасин, мағлублар камбағал бўлиб қолаверади», — дея қайд этган депутат.

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Twitter`даги саҳифасида Нобель совриндорлари фикрларини ёзиб қолдирди.

«Нобель совриндорлари Абхижит Банержи ва Эстер Дюфлонинг („Poor economics“) фикрича, одамлар меҳнат қилмагани учун эмас, балки кўп ҳолларда „камбағаллик қопқони“ (очлик, касаллик, ишсизлик, таълим ололмаслик) га тушиб қолиши ортидан қашшоқликдан чиқолмайди», — деб ёзди парламент депутати.

Алишер Қодиров ўз Telegram каналида ёзувчи Марк Твеннинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтди: «Ҳеч қачон аҳмоқлар билан тортишманг. Улар ўз даражаларида тажрибалари ҳисобига сизни эзиб ташлайдилар».

Парламент депутати Дониёр Ғаниев эса Twitter`да «Тўғри, илми, ҳунари йўқ, дангаса одам камбағал бўлиши мумкин. Лекин бу ҳамма камбағал шундай дегани эмас. Худди аҳмоқ одамлар ҳам депутат бўлиши мумкин, лекин бу ҳамма депутат аҳмоқлигини англатмагандек», — дея твит ёзди.

Блогер Дима Қаюм депутат Алишер Қодировнинг камбағаллик ҳақидаги гапларига 90 фоиз қўшилишини таъкидлаб, Facebook`даги саҳифасида ўз фикрини билдирди.

«Кимнидир айбдор қилишданда осон иш йўқ. Муздеккина ёки иссиқина офисда пост ёзаётганингизда (камбағални ўйлаб) мен йигирма мингдан ошиқ кам таъминланган, камбағал, қашшоқ оилаларни хонадонига кирдим, киряпман кўпининг аҳволи эса ўша-ўша. Ўзгараётгани бор оз фоизда бўлса ҳам», — дейди блогер.

Унинг айтишича, ҳукуматнинг камбағал қатламга ёрдам бериши натижасида текинхўр армия пайдо бўлган.

«Ҳукумат томонидан ўша камбағалларга ўзгарсин деб чок мошина, сварка аппарат, мотороль, ҳар хил ускуналар, кредитлар берилмоқда. Аммо улар ишлатмай, сотиб, пулини бўлмағур нарсаларга сарф этмоқда. Гектарлаб иссиқхоналарнинг аҳволи аянчли (ўша камбағаллар ишламаяпти). Ҳокимият эшиги тагида шантаж қилаётган, жанжал қилиб, уй, ер, пулларни қайта-қайта сўраётган армия пайдо бўлди. Кечирасизлару, ғирт текинхўр», — деб ёзди Дима Қаюм.

Блогерга кўра, аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг ягона ва тўғри йўли иш билан таъминлаш ҳамда етарли маош беришдир. «Аммо текинхўрга миллиард берсангиз ҳам оз. Фикрлар ўзимники. Сиз учун хато бўлиши мумкин», — дея постини якунлаган у.

Депутат Алишер Қодиров ҳам Дима Қаюмнинг фикрларига муносабат билдираркан, у одатдагидек, жайдари, асосли фикр ўқигани, иккисини бу хулосага келтирган асослар бир хил эканини таъкидлади.

«Танганинг ҳар икки томонини кўриб хулоса чиқарадиган одамларнинг кўплиги жамиятда конструктив мулоқот, пировардида ҳаммани қийнаётган муаммоларга тезроқ ечим топишга муҳит яратади. Троллар, провокаторлар, калтабинлар ва доимо норозилар ўз йўлига, туппа-тузук, баъзи фикрларига қулоқ тутиш мумкин бўлган айрим фаоллар ҳам, ўпкаси йўқ хейтерларга айланиб қолгани, албатта, ачинарли…», — дейди Қодиров.

Унинг қайд этишича, депутатларнинг аҳмоқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикр — калтабинлик. «Қолаверса, сайловчига, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшган ва қўшаётган амалдаги ва собиқ депутатларга нисбатан ҳурматсизлик қилинди», — дея қўшимча қилган у.

«Фикр эгасидан бу хулосага қандай келганини сўраб кўриш керак. Чунки унинг жуда яқин қариндошлари ичида ўз даврининг фидойи депутатлари бор. Ҳар ҳолда, инсонни аҳмоқ дейиш учун уни жуда яқиндан билиш керак. Шахсан мен бундай депутатларни билмайман», — дейди «Миллий тикланиш» партияси раҳбари.

Депутатнинг фикрича, ўзбек халқини тенг ва бир хил обод ҳаёт таъминоти ҳақидаги баландпарвоз ва ёлғон ваъдалар билан бошини қотириб, якунда ўзи ҳам, ғояси ҳам йўқ бўлиб кетган совет социализми хулосалар учун етарли бўлиши керак.

«Такрор айтаман, инсон яхши яшашига халақит берадиган муаммоларни енгиб ўтиши керак. Истаса, давлатни, истаса, ота-онасини, истаса, бутун дунёни айбдор деб билсин: бой берилган ҳаёт уникидир! Инсон қаерда ва қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, ҳаракати, билими ва ҳунари билангина мақсадига эришади. Ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам бутун дунёда давлатнинг қарамоғида бўлиши муҳокама мавзуси эмас. Мен Ўзбекистонни ўзбек халқининг инсонпарвар қадриятларига садоқатли бойлари кўп, ижтимоий давлат сифатида тасаввур қиламан», — дейди Алишер Қодиров.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев 24 июль куни Telegram каналида баҳсли мавзуга оид пост қолдирди. Унинг ёзишича, камбағалларга нисбатан дискриминация эмас, ҳамдардлик ва қўллов керак.

«Бир пайтлар хориждаги мигрантларимиз „дангаса, ношукр“ деб аталиб, улардан жирканиш сиёсати тарғиб қилинганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Шукурки, ҳозирда давлат позицияси бу борада 180 градус ўзгарган. Бугун ҳатто давлат раҳбари ҳам мигрантларни дангаса деб эмас, балки замонамиз қаҳрамонлари сифатида эътироф этмоқдалар. Лекин, афсуски, баъзи фикр эгалари (ўзлари билиб-билмайми?) ҳалиям ўтган эпохадаги каби иқтисодий ночор қатламларни камситувчи, уларга нисбатан нотўғри қарашларни шакллантирувчи апорофобик сиёсат тарафдори эканини кўриш ачинарли», — дейди депутат.

алишер қодиров, депутатлар баҳси, дониёд ғаниев, камбағаллик

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Унинг қўшимча қилишича, мамлакат аҳолисининг 14 фоизини (5 млн фуқаро) ёппасига ҳаракатсизлик, масъулиятсизликда айблаб, уларни ўз шароитларига лойиқ, деб ҳисоблаш апорофобик (қашшоқлик ёки камбағал одамларга нисбатан кучли антипатия ёки нафрат) дискриминациянинг энг классик кўриниши ҳисобланади.

«Хавотирлиси шуки, жамиятда бу каби дискриминация, стереотипларнинг шаклланиши нафақат ижтимоий ва иқтисодий тенгсизликларни янада кучайтириши, балки камбағал аҳоли қатламининг «қашшоқлик тузоғи»дан чиқиб кетишини ҳам қийинлаштиради. Хайриятки, бу каби жамиятни бўлувчи сиёсий қарашдагилар ҳокимият тепасида эмас. Бугун камбағалликни қисқартириш, энг аввало, инклюзив ижтимоий сиёсатни илгари суриш, камбағал аҳолига сифатли ижтимоий хизматларда (таълим, тиббиёт) кенг фойдаланиш имкониятини яратиш орқали эришилишини ҳукумат яхши англаб етган», — деб ёзади у.

Дониёр Ғаниевнинг сўзларига кўра, иқтисодий жиҳатдан ночор фуқаролар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни яратиш, барчага ўз потенциалини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар яратиш давлат раҳбарининг сайлов дастурида энг асосий йўналишларидан бири сифатида акс этгани ҳам бежиз эмас.

«Шу билан бирга, камбағал фуқароларга нисбатан камситишларнинг олдини олишда давлат билан жамият ҳам бирдек масъул эканини унутмаслигимиз керак. Бунда камбағаллик билан боғлиқ стереотипларга қарши туриш, шунингдек, жамиятнинг бошқа вакиллари орасида камбағал шахсларга нисбатан ҳамдардлик ва тушуниш (эмпатия)ни ёйиш муҳим. Зеро, жамиятдаги турли иқтисодий қатламлар ўртасидаги ижтимоий ҳамжиҳатлик ва барқарорлик ҳаммамизнинг фаровонлигимиз учун керак», — дейди парламент депутати.

У депутатлар ҳақидаги фикри ҳақида ёзаркан, «Мен у гапни ўз фикримни тушунтириш учун оддий бир мисол тарзида ишлатгандим. Яъни депутатларнинг катта қисми аҳмоқ бўлмаганидек камбағалларнинг ҳам кўпи дангаса эмас маъносида. Лекин ҳеч бир собиқ ёки амалдаги депутатни тўғридан-тўғри аҳмоқликда айбламагандим. Агар кимдир бу гапимдан ўзини аҳмоқ деб ҳақоратланган ҳис этган бўлса, демакки, гапларимни ўзларининг тасаввурларига мослаб олишган, холос», — деган Дониёр Ғаниев.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод бўлган Алишер Қодиров сайловчилар билан мулоқотда мигрантлардан ҳам солиқ ундириш таклифини билдирганди. «Келинглар, энди яна ҳам ватанпарварроқ бўлайлик, мигрантлар ҳам ўзининг солиғини мамлакат тараққиёти учун тўласин», — деган эди у.

Бундан бир йил муқаддам Алишер Қодиров ва собиқ депутат Расул Кушербаев ўзаро тортишиб қолганди. Бунга фуқароларнинг шахсий электрон маълумотларини олишга имкон берувчи қонун лойиҳаси сабаб бўлган.