23 июлга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Одесса вилоятини яна ўққа тутди. Украина ҚК Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотларига кўра, Россия ҳудудга жами беш турдаги 19 та ракета учирди. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари улардан тўққизтасини уриб туширишга муваффақ бўлган.

Қолган ракеталар Одесса порт инфратузилмаси ва камида олтита турар-жой биносига, жумладан, кўп қаватли уйларга зарар етказган. Шаҳардаги кўплаб биноларнинг фасадлари ва томлари шикастланган, дераза ойналари синган.

Одессанинг тарихий марказида рус ракетасининг зарбаси натижасида Москва Патриархиясининг Украина православ черковига тегишли шаҳардаги энг катта православ черкови — Спасо-Преображенский кафедрал собори вайрон бўлди.

«Вайронагарчилик жуда катта, у ўнг томонга урилди ва минус биринчи қаватгача кириб борди. Соборнинг ярми томсиз қолди. Марказий устунлар, пойдевор вайрон қилинган. Барча деразалар, ганчлар синиб кетди. Ёнғин содир бўлди, с обордахоч ва шамлар сотиладиган қисм ёниб кетди «, дея маълум қилди Одесса епархияси клирики, архидиакон Андрей Палчук «Суспільне» нашрига.

Умуман олганда, Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипернинг сўзларига кўра, ракета ҳужуми вақтида Одесса марказидаги камида 25 та меъморий ёдгорлик зарар кўрган.

Бундан ташқари, ҳужум пайтида бир киши ҳалок бўлган, яна 19 киши, жумладан, тўрт нафар бола яраланган.

одесса, ракета зарбаси, ракета ҳужуми, россия - украинаФото: t.me/V_Zelenskiy_official

Украина президенти Владимир Зеленский Одессанинг ўққа тутилишини изоҳлар экан, бу зарбадан кейин жавоб қайтарилишига ишонтирди.

«Тинч шаҳарларга, турар-жой биноларига, черковга қарши ракеталар… Россия ёвузлигини ҳеч қандай оқлаб бўлмайди. Ҳар доимгидек, бу ёвузлик ютқазади. Одесса учун эса, албатта, рус террорчиларига жавоб бўлади. Улар бу жавобни ҳис қилишади. Бу сўнгги терактдан жабр кўрган барчага ёрдам кўрсатилмоқда», — деди у.

Россия Мудофаа вазирлиги Одессадаги православ соборига ҳужум қилинганини инкор этмоқда. Вазирликнинг таъкидлашича, «юқори аниқликдаги қуроллар» «РФга қарши террорчилик ҳаракатлари тайёрланаётган» объектларга «собор мажмуасидан хавфсиз масофада» зарба берган. Черковнинг вайрон бўлиши эса «[Украина] ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари операторларининг саводсиз ҳаракатлари» билан изоҳланган.

18 июль, яъни Россия расман «ғалла битими»дан чиққанидан бери рус армияси Одесса вилоятини, жумладан, порт инфратузилмаси объектлари ва дон терминалларини ҳар куни ўққа тутмоқда.