17 июлдан бошлаб дон шартномаси амалда тугатилди. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб «Медуза» маълум қилди.

Кремль вакилининг сўзларига кўра, бу Россия талаб қилган келишув шартлари бажарилмагани туфайли содир бўлган.

«Қора денгиз келишувлари бугун амалда ўз кучини йўқотди. Россия Федерацияси президенти аввалроқ айтганидек, муддат 17 июлда тугайди, афсуски, ушбу Қора денгиз келишувларининг Россия талаб қилган қисми шу пайтгача бажарилмаган, шунинг учун унинг амал қилиш муддати тугатилган. Шартномаларнинг Россия талаб қилган қисми бажарилиши биланоқ, Россия томони ушбу битимни амалга оширишга дарҳол қайтади. Де-факто, вазият шундай», — дейди Песков.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова, ўз навбатида, Москва аллақачон Украина, Туркия ва БМТни «келишувни муддатини узайтиришга норози экани ҳақида» расман хабардор қилганини айтди.

Россия ва Украина Туркия ҳамда БМТ иштирокида 2022 йил июль ойида Қора денгиз портларидан дон экспорти бўйича келишув имзолаган эди. Ўшандан бери у бир неча бор узайтирилди.

Россия келишувни узайтириш учун бир қанча шартларни илгари сурмоқда. Улар орасида аммиакни Европага Украина орқали тўсиқсиз етказиб бериш, шунингдек, Россия Қишлоқ хўжалиги банкининг санкциялар остида узилган SWIFT тизимига қайта уланиши ҳам бор.