21 июль куни Душанбе шаҳрида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда бош вазир матбуот хизмати хабар қилди.

Суҳбат аввалида Абдулла Арипов Эмомали Раҳмонга Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўз навбатида, Тожикистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни президент сайловидаги ғалабаси билан самимий табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Қайд этилишича, учрашувда Олий даражада эришилган келишувлар ижросини таьминлаш, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.