Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида ўтказилган рейд тадбирида экологлар ўрмон хўжалиги ҳудудида 2532 туп тожик каврагига зарар етказилганини аниқлади. Ўсимлик Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Экология вазирлиги хабарига кўра, тадбиркорлик субъекти «Торқопчиғой» массиви ўрмон хўжалигидаги ўсимликларнинг илдиз қисмларини кавлаб, кесган.

Оқибатда ўсимлик дунёсига жами 1 млрд 253 минг сўм зарар етказилган.

Бундан ташқари, 17 июль куни Экология вазирлиги матбуот хизмати Сурхондарё вилояти Узун туманидаги «Uzun Oq Machit Agro» корхонасига бириктирилган тоғли ва тоғолди ҳудудларда 2421 тупдан ортиқ каврак туплари шикастлангани ҳақида хабар берган. Яна 81 таси эса ширасини олиш мақсадида кесилган.

Ҳолат оқибатида ўсимлик дунёсига 40 млн 95 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

16 июль куни эса Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги Себатли" массиви ҳудудидаги 753 туп кавракка зарар етказилган. Зарар 372,7 миллион сўмга баҳоланган.

Барча ҳолатлар бўйича прокуратурага тақдим этиш учун тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.