Ҳукумат комиссияси Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга Тошкентдаги Aziya Invest Favorit қурилиш компанияси уйларидан квартира сотиб олган 1091 нафар ҳиссадор муаммосини ҳал этиш бўйича таклифлар киритди. Бу ҳақда «Газета.uz»га бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.

Аввалроқ фуқаролар Яшнобод тумани Иззат кўчасида Aziya Invest Favorit томонидан қуриб битказилган ва қурилаётган саккизта кўп қаватли уйдан квартира сотиб олгани, қурилиш компанияси банклардан кредит олиш учун сотилган квартираларни гаровга қўйгани, сўнгра кредит тўланмагани учун банклар квартираларни тортиб олгани ҳақида ёзган эдик. 21 июль куни ҳукумат раҳбари хонадон эгалари билан учрашди.

Суд қарорлари ва келишув битимларига асосан қурилаётган тўртта уйдаги 652 хонадон гаров сифатида банклар балансига ўтказилган. Комиссия фуқароларнинг гаровга қўйилган квартираларини қурувчининг бошқа мол-мулкларига, жумладан, тергов жараёнида хатланган 227,8 млрд сўмлик мол-мулкига алмаштиришни таклиф қилмоқда.

Бундан ташқари, пудратчи мулкни сотишдан тушган маблағ (16 млрд сўм) ва олди-сотди шартномаси бўйича фуқаролар тўлаши шарт бўлган тўловлар (27 млрд сўм) ҳисобидан ҳукумат комиссияси назорати остида уй-жойлар қурилишини якунлаш таклиф этилди. Қурилиш ишларини қисқа муддатда якунлаш, фуқароларга кадастр ҳужжатларини бериш режалаштирилган.

Шунингдек, қурувчи ноқонуний қурилиш учун мижозлардан пул ундиргани хабар қилинмоқда. Биринчи вариант сифатида, тергов натижаларига кўра, истисно тариқасида, суднинг якуний қарорини кутмасдан, фуқароларга етказилган зарарни қурилиш ташкилоти мулкини сотиш йўли билан қоплаш таклиф этилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, гап қурувчи аҳолидан олган 161,7 млрд сўм ҳақида кетмоқда.

Иккинчи вариант — «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖга тегишли 4,5 гектар ер участкасини Тошкент шаҳар ҳокимлигига қайтариш, кейин эса уни кўпчилик фуқароларнинг пулларини олишнинг имкони бўлмаса, алоҳида кимошди савдоси орқали сотиш тўғрисида ҳукумат қарорини қабул қилиш.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг лойиҳа таклифи асосида ер участкаларини ёпиқ аукционда сотиб оладиган ваколатли пудратчиларни жалб қилган ҳолда 2000 хонадонга мўлжалланган 25 ва 16 қаватли уйлар қуриш таклиф этилмоқда.

Аввал ёзганимиздек, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага бир ой муддатда тузилган шартномалар доирасида янги бинолардан квартира олувчиларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга киритиш топширилган эди.

Гап тўловларни суғурталаш, мулкий ҳуқуқларни белгилаш, талаб ва меъёрларга риоя қилмаган юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини ошириш, пул маблағларини қайтариш кафолатларини кучайтириш ҳақида бормоқда.