«Марказий Осиё — Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши» форматидаги иккинчи саммит Самарқандда бўлиб ўтади. Бу қарор Жиддада (Саудия Арабистони) 19 июль куни бўлиб ўтган биринчи саммит иштирокчилари томонидан маъқулланди.

Учрашувда Саудия Арабистони валиаҳди (ҳам Вазирлар Маҳкамаси раиси), Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон президентлари, Қатар амири, БАА бош вазири, Кувайт амири ўринбосари, Ўмон султонлиги бош вазири ўринбосари ва Баҳрайн подшоҳининг махсус вакили қатнашди.

Саммитда сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро сиёсат масалалари муҳокама қилинди.

саудия арабистони, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев нутқи

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси халқлари ўртасидаги муносабатлар тарихи узоқ экани, яқин савдо алоқалари, қадрият ва анъаналар, ислом дини уларнинг асосини ташкил этишини таъкидлади.

Президент дунёдаги бугунги вазиятни таърифлар экан, «бугунги хавф-хатарларга қарамай, иккала минтақа ҳам тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб келаётганини» таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда Ўзбекистон билан Кўрфаз мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлаб, икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликни қатор устувор йўналишларда кенгайтиришни таклиф қилди.

Ўзбекистон президенти сиёсий соҳада турли форматдаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Дўстлик, минтақалараро боғлиқлик ва ҳамкорлик битимини ишлаб чиқиш масаласини ўрганишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев юқори технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик соҳасида инновациялар, сунъий интеллект, «яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, нано- ва биотехнологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун платформалар ва ишчи механизмларини яратиш зарурлигини таъкидлади. У бизнес вакиллари иштирокида Қўшма инвесторлар кенгашини тузиш ва унинг илк йиғилишини Самарқандда ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Президент «яшил» энергия лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш бўйича алоҳида «йўл харитаси»ни ҳам қабул қилишни таклиф этди.

Учинчи йўналиш — савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш. Шавкат Мирзиёев Кўрфаз мамлакатлари билан эркин савдо режимини жорий этиш, техник регламентларни уйғунлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш долзарблигини таъкидлади. Шу муносабат билан у кўп томонлама Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Транспорт ва транзит соҳасида Ўрта транспорт коридорида энг мақбул тарифларни қўллаш, Афғонистон орқали мавжуд мультимодал йўлаклардан кенг фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни мақсадли субсидиялаш ёрдамида кўпайтириш таклифи билдирилди. Шунингдек, у ҳамкорларни Кўрфаз давлатларини энг яқин ва қулай йўл орқали минтақа билан боғлайдиган Трансафғон темирйўлини қуриш стратегик лойиҳасида фаол иштирок этишга чақирди.

саудия арабистони, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев экология ва иқлим ўзгариши соҳасида Ўзбекистонда очилаётган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида халқаро қўшма илмий-тадқиқот дастурини ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.

Президент туризм соҳасида «Кўрфаз — Марказий Осиё» ягона визасиз сайёҳлик маконини, замонавий кластерлар ва қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ташкил этиш, шунингдек, 2024 йилда Ислом дунёси туризм пойтахти деб эълон қилинган Хива шаҳрида минтақалар етакчи сайёҳлик операторлари форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Шавкат Мирзиёев Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида дунёда кузатилаётган исломофобия ҳолатларига қарши биргаликда курашиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, терроризм, экстремизм, радикализм ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, ёшларни интернет ва бошқа каналлар орқали ушбу таҳдидларнинг тарқалишидан ҳимоя қилиш борасида ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига ҳам тўхталди: «Бизнинг минтақаларимиз ташаббускор бўлиб, катта-катта минбарлардан Афғонистон муаммоларига бутун дунё эътиборини жалб этишимиз, афғон халқининг ҳаётини енгил қилишга муносиб ҳисса қўшишимиз керак».

Саммит доирасида Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ҳамда бош вазири Шайх Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. Учрашув якунида Ўзбекистон президенти Маккага ташриф буюриб, умра маросимини амалга оширди.