Instagram тармоғида 1 миллиондан ортиқ обуначиси бўлган Asad Algo (Асадбек Арзикулов) вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси 20 ёшли блогер ўлимига оид тафсилотларни маълум қилди.

Қайд этилишича, 19 июль куни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказига 2002 йилда туғилган Асадбек Арзикулов бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош субдурал гематомаси, бўйин соҳаси қонталаши, иккала тиззаси ва иккала тирсагида кўкарган жароҳатлари билан мурожаат қилган. Шифокорлар томонидан бу ҳолат ҳақида зудлик билан ИИОга хабар берилган.

Ўрганишлар жараёнида аниқланишича, 16 июль куни тахминан соат 18:30 да Мирзо Улуғбек туманидаги боғлардан бирида Asad Algo ва унинг 26 яшар таниши А.И. ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан. Инстаблогер Asad Algo тан жароҳати олган. Шундан сўнг улар ўзаро келишиб олгани сабабли воқеа жойидан кетган. Ҳолат юзасидан Asad Algo ИИОга, шунингдек, тиббиёт муассасасига мурожаат қилмаган.

19 июль куни блогернинг тоби қочгани туфайли шифохонага олиб борилган ва унинг бош қисмида жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, у вафот этган.

«Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми „д“ банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш: жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади пойтахт ИИББ ахборотида.