Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 6 нафар мансабдор шахс, хусусан, 3 нафар ҳоким, 1 нафар агентлик, 1 нафар унитар корхона ва 1 нафар қўмита раҳбари тадбиркорлик субъектларининг таъсисчилари эканлигини аниқлади. Улардан баъзилари аллақачон ўз улушларини бошқаларга ўтказиб юборишган.

Агентликка кўра:

  • Миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Садиков Total Oil МЧЖ (ихтисослаштирилган дўконларда мотор ёқилғиси чакана савдоси, 2020 йил октябрда рўйхатдан ўтган) асосчиси сифатида қайд этилган. Корхонанинг ҳозирги муассислари Абдулфоих Абдушукурович Содиқов (92,9 фоиз) ва Дилфуза Равшанбековна Содиқова (7,1 фоиз).
  • Ўзбекистон Марказий банкининг «Ахборотлаштириш Бош маркази» давлат унитар корхонаси раҳбари Дилшод Сариходжаев Musammo МЧЖ корхонасининг (1995 йил декабрь ойида ташкил этилган нотурар жой ижараси ва бошқаруви) ягона таъсисчиси сифатида кўрсатилган. У ўз улушини укаси Фарҳод Сарихўжаевга ўтказиб берган;
  • Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Санобархон Носирова Sabina Issiq Nonlari 777 МЧЖга (нон, торт ва унли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш) ва Ko‘mir Sanoati (ихтисослаштирилмаган улгуржи савдо, 2021 йил 25 мартда рўйхатдан ўтган) корхонасининг 50 фоиз акцияларига эгалик қилиб келган. Ҳозирда уларнинг улушлари Лочинбек Носиров Дилшод ўғли ва Акмал Талипович Марипжоновга ўтказилган.
  • 2021 йил ноябрь ойида Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими этиб тайинланган Улуғбек Файзиев ҳалигача Zarafshan Golden Group қурилиш компаниясининг 91,5 фоизига эгалик қилади, корхонанинг қолган 8,5 фоизи Ойбек Файзиевга тегишли. Ҳоким шунингдек, Zarafshon Grand Invest қурилиш компанияси (75,8 фоиз), G‘ani Bobo Chorvasi фермер хўжалиги (100 фоиз) улушларига эга.
  • 2019 йил сентябрдан Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокими бўлиб ишлаб келаётган Анвар Сайфутдинов Sanico Group корхонасининг (тошларни кесиш, қайта ишлаш ва пардозлаш, 2014 йил январь ойида рўйхатдан ўтган) 17 фоизи ва Uv-Maks корхонасининг 33,5 фоиз улушига эгалик қилади (бўёқ ва лак маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 2017 йил январь ойида рўйхатдан ўтган). Ҳокимлик матбуот хизмати 13 июнь куни у муассислар рўйхатини тарк этгани ҳақида хабар берди.
  • Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раҳбари Баҳром Шарипов — «Karomat Oyijon-Surxon» фермер хўжалигида таъсисчи сифатида фаолият юритиб келаётгани аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича мазкур давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, уларнинг юқори турувчи идораларига fгентлик томонидан тегишли тақдимномалар киритилиб, юқоридаги манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига барҳам берилиши (мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъектларидаги фаолияти тугатилиши) чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига асосан, давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга ҳақли эмас.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари»нинг 13-бандида давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслиги белгиланган.

Шунга қарамай, бу борада ҳамон қонунбузилиши ҳолатлари кузатилмоқда, дея қайд этган агентлик.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Kun.uz нашри Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шариповнинг рафиқаси ва қариндошлари орқали жун толалари, ипак ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ўнлаб корхоналарга боғлиқ экани тўғрисидаги суриштирувни эълон қилган эди. Шундан сўнг Баҳром Шарипов нашр ва унинг журналисти Шокир Шарипов устидан судга мурожаат қилди. Баҳром Шарипов мақоладаги маълумотларни асоссиз деб атади. Кейинроқ ўз аризасини қайтиб олди.