Душанба куни Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Тошкентга келди. Мартабали меҳмонни аеропортда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Грузия ҳукумати матбуот хизматининг маълумот беришича, Ираклий Гарибашвили юқори мартабали амалдорлар билан бир қатор музокаралар олиб боради.

Грузия ҳукумати раҳбари етиб келиши биланоқ «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Сўнг собиқ ТАПОиЧ авиация заводи ўрнида бугунги кунда 17 та ишлаб чиқариш объекти жойлашган «Технопарк» билан танишди.

Фото: mift.uz.

Ўзбекистон ва Грузия ўртасида эркин савдо режими мавжуд. Ўзбекистон Грузияга асосан саноат товарлари, кимё маҳсулотлари, ичимликлар, автомобиллар ва транспорт ускуналарини етказиб беради. Грузия, ўз навбатида, фармацевтика маҳсулотлари, транспорт ускуналари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотларни импорт қилади. Ўзбекистон ҳудудида Грузия капитали иштирокидаги 69 та корхона фаолият юритмоқда. Грузияда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 23 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

2017 йилдан буён мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 34,3 фоизга ўсиб, 127,4 млн долларни ташкил этди. Лекин, таъкидланганидек, бу билан чегараланиб қолинмайди, янада юқори натижаларга эришиш учун мамлакатларнинг ўзаро хоҳиш-иродаси, демакки, реал имкониятлар мавжуд.

ИТСВ хабарида Грузия бош вазири Ўзбекистоннинг улкан инвестицион ва саноат салоҳиятига эътибор қаратганини қайд этиб ўтилди.