Исроилда 18 июль тонгидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб суд-ҳуқуқ ислоҳотларига қарши йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда, деб ёзди The Times of Israel.

Минглаб одамлар «Норозилик куни» доирасида ўнлаб шаҳарларда йўлларни тўсиб қўйди, бир қанчаларида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бўлди.

Тель-Авивда намойишчилар мамлакат мудофаа армияси штаб-квартирасида Исроил байроғини туширди, бир гуруҳ захирадаги ҳарбийлар эса бинога киришни тўсиб қўйди. Охирги ойларда ҳарбийлар агар ҳукумат суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ўтказса, хизматни тўхтатиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Уларга кўра, «демократик бўлмаган Исроилда» хизмат қилиб бўлмайди.

Намойишчилар Тель-Авив фонд биржаси ва вокзалларга кириш йўлларини ҳам тўсиб қўйган.

Сешанба куни кечгача камида 24 нафар намойишчи тинчликни бузгани учун ҳибсга олинган, дейилади полиция хабарида.

Исроилда январь ойидан бери ҳар ҳафта суд тизими ислоҳотига қарши норозилик намойишлари ўтказилиб келинмоқда. Март ойида бош вазир Биньямин Нетаньяху оммавий намойишлар ва иш ташлашлар фонида ислоҳотлар лойиҳасини тўхтатиб қўйганди.

Келаётган якшанба куни суд-ҳуқуқ ислоҳоти ҳақидаги қонун лойиҳаси Кнессет — Исроил парламентида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Исроил матбуоти хабарларига кўра, Нетаньяху қонун лойиҳасига ўзгартириш киритишни кўриб чиқмоқда.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотининг моҳияти нимада?

Биньямин Нетаньяху жорий йилнинг январь ойида сайловда ғалаба қозонганидан сўнг суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш режасини эълон қилган. Унинг асосий мақсади Олий суд ваколатларини заифлаштиришдан иборатдир. Хусусан, ислоҳот қуйидагиларга қаратилган:

  • Олий суднинг мамлакат конституцияси вазифасини ўтайдиган Исроил Асосий қонунларининг қонунийлигини текшириш ваколатини олиб ташлаш ва парламентга кўпчилик овоз билан Олий суд қарорларини бекор қилиш ваколатини бериш;
  • Олий суд судьяларини тайинлашда ҳукуматга ҳал қилувчи овоз бериш орқали сайланиш усулларини ўзгартириш.

Ислоҳот танқидчилари суд-ҳуқуқ ислоҳоти мамлакатда демократия ва қонун устуворлигига путур етказади, деб таъкидламоқда.