Telegram`даги Eltuz каналида Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов Макка шаҳрида автоҳалокатга учрагани, у салкам бир ойдан бери комада қолаётгани, ўзбекистонлик ҳожилар имом-хатибда жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун 100 минг доллар йиғиб бергани тўғрисида хабар берилди.

Шундан сўнг Мусулмонлар идораси имом-хатибнинг айни пайтда Ҳаж сафарида бўлиб турган фарзанди йўллаган видеомурожаатни эълон қилди.

«Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқуловнинг фарзандиман. Тошкент шаҳри ҳожиларига элликбоши сифатида Ҳажга келгандим. Аллоҳ таолонинг синови бўлиб отамни автомашина туртиб юборди. Интернет тармоқларида ҳар хил бўҳтон, бўрттирилган ёлғон хабарлар тарқатилмоқда. Отамнинг аҳволи анча яхши. Доимо суҳбатлашиб [турибмиз], доимо мулоқотдамиз. Диний идорамиз раҳбарияти, диний қўмита раҳбарияти, қолаверса, Макка шаҳридаги ишчи гуруҳ доимо ҳол-аҳвол сўраб, назорат қилиб туришибди», — деди у.

Унинг айтишича, отасининг соғлиғи учун пул йиғилгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга зид.

«Икки давлат ўртасидаги келишувларга биноан, ҳар бир муолажа амалиёти мутлақо бепул тарзда амалга оширилмоқда. Отамнинг аҳволи жуда яхши, шифокорлар охирги рейсларга жавоб беришди. Яхши дуоларингиздан умидвормиз», — деди имом-хатибнинг фарзанди.

Эслатиб ўтамиз, Мусулмонлар идораси матбуот хизмати Макка шаҳрида Ҳаж амалларини адо этишга тайёргарлик кўраётган зиёратчилар учун таниқли уламолар, имом-домлалар ва гуруҳ раҳбарлари томонидан маърифий суҳбатлар узвий давом эттирилаётгани ҳақида 22 июнь куни маълумот берганди.

зайниддин эшонқулов, имом-хатиб, самарқанд

Суратда чапда Зайниддин Эшонқулов. Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Қайд этилишича, идора раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов, ишчи гуруҳ вакили Зайниддин домла Эшонқулов, Фатво маркази мутахассиси Абдулатиф Турсунов, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мудири Марям Абдуллаева ва Тошкент шаҳри бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова Ўзбекистондан борган ҳар бир аёл зиёратчи билан мунтазам суҳбатлар ўтказган.

Зайниддин Эшонқуловнинг Facebook`даги саҳифасига охирги марта 23 июнь куни Макка шаҳридан видео жойланган.

Маълумот учун, Зайниддин Эшонқулов 1976 йилда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтути (1994−1998) ва Самарқанд давлат университетини (2001−2005) тамомлаган. Мисрдаги Ал-Азҳар университети ҳамда Халқаро исломий тадқиқотлар марказида малака оширган. «Пайғамбар атрофидаги кишилар» китобини таржима қилган. 1998 йилдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилади. 2014−2017 йилларда идоранинг Самарқанд вилояти вакили ўринбосари, 2017 йилдан бошлаб Самарқанд вилоятидаги вакили сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.