Хоразмда банк биносига пневматик тўппонча билан киришга уринган фуқаро қўлга олинди, дея хабар қилмоқда Миллий гвардия матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 11 июль куни соат 11:07 да Урганч шаҳар «Қўриқлаш» бўлимига Навоий кўчасида жойлашган «Халқ банк» филиалидан «ташвиш» сигнали келиб тушган. Олинган хабарга кўра воқеа жойига зудлик билан етиб борган тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ томонидан пневматик тўппонча билан банк биносига киришга ҳаракат қилган фуқаро қўлга олинган.

Маълум бўлишича банк филиалида хизмат вазифасини олиб бораётган «Қўриқлаш» бўлими ходими ушбу фуқарони бинога кираверишда кўздан кечириш жараёнида пайқаб, тўхтатиб қолган ва ташвиш тугмаси орқали хабар берган. Етиб келган тезкор гуруҳ ходимлари томонидан қўлга олинган ушбу фуқаро Урганч шаҳрида яшовчи Х.А экани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Хоразм вилояти «Қўриқлаш» бошқармаси масъул ходимлари томонидан терговга қадар текширув ишлари бошланган.