Украина портларидан денгиз орқали дон экспорти бўйича келишув 60 кунга узайтирилди, дея хабар берди РИА Новости ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушкога таяниб.

Бироқ Украина томони ўз ҳудудидан ғалла экспорти бўйича келишув охирги марта, 2022 йил ноябридаги каби камида 120 кунга узайтирилишини талаб қилмоқда, деб ёзади Euronews.

«Киев БМТ ва Туркиянинг расмий позициясини эшитишни истайди, бу келишувда муҳим транзит мамлакат ҳисобланади», — дейилади телеканал хабарида.

Туркия Мудофаа вазирлигига кўра, келишувни узайтириш бўйича музокаралар ҳали ҳам давом этмоқда.

Амалдаги дон шартномаси муддати 18 мартда тугайди. Ўтган йилнинг июль ойидан буён Қора денгиз орқали 1600 дан ортиқ рейслар амалга оширилиб, 24 млн тонна ғалла экспорт қилинди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 13 март куни БМТ Қора денгиз дон ташаббуси «яхлитлигини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилишини» айтди.