15 июль куни Тошкент халқаро аэропортига биринчи LET L-410 ҳаво кемаси етиб келди. Янги турдаги самолёт анъанавий равишда сув аркаси билан кутиб олинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Мамлакат ичидаги парвозлар географиясини кенгайтиришга хизмат қиладиган ушбу самолёт Чехиянинг LET Aircraft Industries концернидан харид қилинган. Самолёт дастлаб ишлаб чиқариш заводида қабул қилиниб, парвоз хусусиятлари текширилганидан сўнг Куновица шаҳридан Болгария, Туркия, Арманистон, Озарбайжон ва Туркманистонда ёнилғи қуйиш учун оралиқ қўниш билан Тошкентга етиб келди.

У ўз ичига 19 нафар йўловчини сиғдира олади, шунингдек, юк бўлинмаси ҳам мавжуд. Максимал крейсер тезлиги соатига 405 км, максимал парвоз масофаси 1500 км, максимал парвоз давомийлиги 5 соат 10 дақиқадан иборат. Учиш учун керак бўладиган масофа 510 метр, қўниш учун керак бўладиган масофа эса 500 метрни ташкил этади.

«L-410 ишончлилиги, хавфсизлиги ва экстремал иқлим (-50…+50 даражагача) шароитида фойдаланишга ихтисослашгани билан ажралиб туради. Ушбу турдаги самолётлардан Африка, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Америка ва Европа қитъаларида, дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатларида фойдаланилади. Самолёт йўловчи ва юкларни қисқа масофаларга ташиш учун мўлжалланган. Ушбу турдаги ҳаво кемалари қисқа учиш-қўниш йўлакларига қўна олади», — деди Uzbekistan Helicopters раҳбари Сардор Ирмухамедов.

Унинг айтишича, Uzbekistan Airways 2023 йилда бундай самолётларнинг 2 тасини сотиб олиш учун шартнома тузган. Иккинчиси октябрь охири-ноябрь бошида келиши мўлжалланмоқда.

«Биринчи парвоз келаси ҳафта Самарқанд шаҳрига бўлиши режалаштирилмоқда, учиш вақти 1 соат 15 дақиқани ташкил этади. Мунтазам рейслар ҳар куни йўлга қўйилади, бошланиш жараёнида соат 8:30 дан учади. Кейинчалик Зомин, Сариосиё туманларига, Фарғона, Қашқадарё, Жиззах вилоятларига парвозлар йўлга қўйилади», — деди Сардор Ирмухамедов.

Бортдаги электрон ускуналар GPS замонавий коммуникация ва навигация тизимлари, хавфли яқинлашишнинг олдини олиш учун такомиллаштирилган тизим билан ҳам жиҳозланган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Тошкентда Чехия бош вазири Петр Фиала ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўртасидаги музокараларда чех компаниясининг Ўзбекистонга L-410 самолётларини сотишдан манфаатдорлиги муҳокама қилинганди.