Дилшод Суръатович Азимов «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақдаги қарор 13 июль куни Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан қабул қилинди.

Дилшод Азимов ўтган йилларда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари ва ўринбосари лавозимларида ишлаган.

«Газета.uz» 11 июль куни мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятининг аввалги раиси Соҳиб Саифназаровни ишдан бўшатгани ҳақида ёзганди. У бу лавозимда 2019 йилдан бери ишлаб келаётган эди.

2020 йилда ташкил этилган «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти мамлакатда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш билан шуғулланади. Компания тўлалигича Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли.