Жамшид Юнусович Турсуновни Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси этиб тайинланди, дея хабар қилди ЎзА.

Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар у жорий йилнинг 16 январидан бошлаб Бухоро вилояти ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Жамшид Турсунов 1979 йилда Бухоро вилоятининг Бухоро туманида туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институтини, 2003 йилда Ўзбекистон Банк-молия академиясини тамомлаган.

Ҳокимликка келгунига қадар 2021−2023 йилларда Автомобиль йўллари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 июль куни сайловдан кейинги биринчи йиғилишда республика даражасидаги қатор раҳбарлар, жумладан, 2019 йилдан буён Автомобиль йўллари қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган, бироқ йўл соҳасига 2001 йилдан буён жавобгар бўлган Абдураҳмон Абдувалиевни ишдан бўшатди. Давлат раҳбари уларни ишдан олар экан: «Хиёнат қилганга ўрин йўқ», — деган эди.