Марказий банк Ўзбекистон халқаро захираларига доир тарқалаётган хабарлар юзасидан муносабат билдирди. 2023 йил 1 июль ҳолатига халқаро захираларни 11,3 ойлик импортни қоплашга етадиган даражада шакллантирувчи омиллар бўлган. Бу эса минимал талаб этиладиган кўрсаткичдан қарийб 4 баробарга юқоридир, дейилади регулятор хабарида.

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари йил бошидан буён 2 млрд долларга камайди. Кўрсаткич 1 январь ҳолатига 35 млрд 767,5 млн долларни ташкил этган бўлса, 1 июлга келиб, 33 млрд 720,3 млн долларгача пасайди.

Марказий банк халқаро захиралар таркибида регулятор маблағларидан ташқари Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари ҳам мавжуд бўлиб, халқаро стандартларга кўра, улардан фойдаланиш ҳуқуқи ушбу ташкилотлар ихтиёрида бўлишини ва Марказий банк томонидан оператив бошқарилишини қайд этди.

«Халқаро захиралар ҳажми мамлакат миллий валютаси, молия тизими барқарорлигини таъминлаш ва хорижий инвесторлар ишончини ошириш, шунингдек, пул-кредит сиёсатини амалга ошириш ва халқаро операциялар бўйича ҳисоб-китоблар узлуксизлигини таъминлаш мақсадларидан келиб чиқиб етарли даражада шакллантириб борилади. Бунда халқаро захираларни жамғариш асосий мақсад сифатида хизмат қилмайди», — дейилади хабарда.

Халқаро захиралар ҳажми 2017 йил билан солиштирилганда 9,3 млрд доллар ёки 35,3 фоизга ошган бўлиб, бу ҳолат 2017−2022 йиллар мобайнида халқаро захиралар таркибидаги монетар олтин ҳажмининг 67 тоннага ортгани ҳамда олтин нархининг 2017 йил бошидаги 1159,1 доллардан 2022 йил якунига 1812,4 долларгача кўтарилиши билан изоҳланган. Бунда халқаро захиралар хажмига олтин нархи ўзгаришининг таъсири 6,9 млрд долларни ташкил қилган.

Натижада халқаро захираларнинг таркибида монетар олтиннинг улуши 2017 йилга нисбатан 46 фоиздан 2023 йил 1 январь ҳолатига 64 фоизгача ошган ва мос равишда валюта маблағлари улуши 53 фоиздан 36 фоизга камайган.

марказий банк, олтин-валюта захиралари, расмий муносабат

«Ўзбекистон Республикасининг халқаро захиралари ҳажми халқаро амалиётда захираларнинг етарлилигини баҳолашда қўлланадиган кўрсаткичларнинг минимал талабларига тўлиқ жавоб беради», — дейилади регулятор муносабатида.

Қайд этилишича, халқаро захираларнинг кенг маънодаги пул массасига нисбати 2023 йил 1 июль ҳолатига 204 фоизни ташкил қилган бўлиб, 20 фоизлик минимал талабдан 10 баробар кўп.

марказий банк, олтин-валюта захиралари, расмий муносабат

Регулятор мамлакатда сўнгги йилларда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва ишлаб чиқариш мақсадларида машина ускуналари ва технологиялар импорти, аҳоли даромадларининг ошиб бориши билан истеъмол товарлари импорти ва иқтисодий фаоллик яхшиланиб бориши билан хизматлар импорти ошиб бораётганини эслатиб ўтган. Жумладан, импорт ҳажми 2017 йилда 14 млрд долларни ташкил қилган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 30 млрд долларга етгани, яъни ўсиш 2,1 баробарни ташкил қилгани айтилган.

2021−2022 йилларда ЯИМ номинал ҳажмида 20−22 фоизлик ўсиш кузатилган бўлса, импорт ҳажмида ҳам шунга мос равишда 20−21 фоизлик ўсиш суръатлари қайд этилган.

Импорт ҳажмининг юқори суръатларда ошиб бориши шароитида халқаро захираларнинг уларга бўлган нисбатининг пасайиши 2023 йил 1 июль ҳолатига халқаро захираларни 11,3 ойлик импортни қоплашга етадиган даражада шакллантирувчи омиллар бўлган. Бу эса минимал талаб этиладиган кўрсаткичдан қарийб 4 баробарга кўп (ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра, захиралар камида уч ойлик импорт ҳажмини қоплаши керак).

марказий банк, олтин-валюта захиралари, расмий муносабат

«Мавжуд халқаро захиралар Ўзбекистоннинг 2023 йил давомида сўндирилиши кутилаётган қисқа муддатли ташқи қарзларини тўлиқ қоплайди ҳамда бугунги кунда минимал талабга нисбатан қарийб 5,1 баробар юқори даражада шаклланган (ХВЖ тавсияси — минимум 100 фоиз)», — дейилади хабарда.

Ташқи савдо бўйича асосий ҳамкор мамлакатлар кўрсаткичлари билан солиштирганда, Ўзбекистон халқаро захираларининг ЯИМдаги улуши нисбатан юқори даражада шаклланган. Жумладан, Ўзбекистонда халқаро захираларнинг ЯИМга нисбати 44 фоизни ташкил қилади.

марказий банк, олтин-валюта захиралари, расмий муносабат

Эслатиб ўтамиз, 1 июль ҳолатига Ўзбекистон халқаро олтин валюта захиралари йил бошидан буён 2 млрд долларга камайган.