«Биокимё» ва «Андижон биокимё заводи» акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёни бошланди, дея хабар берди Давлат активларини бошқариш агентлиги.

Агентлик активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичи бошланганини эълон қилди.

«Биокимё» АЖ ўзининг кўп йиллик тарихи давомида Марказий Осиёда этил ва озиқ-овқат спиртининг асосий етказиб берувчиси бўлиб келган. Компания 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, саноат ва носаноат объектларига эга корхонанинг умумий майдони 18,92 гектарни ташкил этади.

Унинг устав фонди 9,6 млрд сўм, ишлаб чиқариш қуввати эса йилига 1,83 млн декалитрни ташкил этади.

«Андижон биокимё заводи» АЖ ҳам ишлаб чиқариш ҳажми бўйича тармоқдаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Корхона 1953 йилда Андижон вилояти Андижон шаҳрида ташкил этилган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг асосий турлари озиқ-овқат этил спирти, хамиртуруш ва бошқа маҳсулотлари саналади. Унинг устав фонди 24 млрд сўм, ишлаб чиқариш қуввати эса йилига 1,83 млн декалитр.

Битимлар юзасидан агентликнинг хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчиси Abrau Capital компанияси ҳисобланади. Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган рақобат тамойилларига асосланган хусусийлаштириш механизми орқали амалга оширилиши айтилган.

Қабул қилинган аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланади:

  • давлат улушини сотиб олиш учун тўловга қобилиятлилиги;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистоннинг 660-II-сонли «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунига риоя этилиши.

Шунингдек, талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек, йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим.

Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс (лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти (ёки объектларидан бири) бўлмаслиги керак.

Талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шуъба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари лозим ва талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек, унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги лозим.

Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичидан мувофаққиятли ўтган талабгорлар хусусийлаштириш жараёнларининг мажбуриятга эга бўлмаган таклиф қабул қилиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинади ва уларга бу босқич жараёнлари тўғрисидаги хат юборилади.

Агентлик, шунингдек, сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан, исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини маълум қилган.

Аввалроқ 2022 йил 21 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев кимё саноатида эришилган асосий кўрсаткичлар ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, кимё заводларидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича кўрсатмалар берганди.