АҚШ Давлат департаменти турли мамлакатлар бундай савдога қарши қандай курашаётгани баҳоланган 2023 йилги Глобал одам савдоси ҳисоботини эълон қилди.

Ўзбекистон янги ҳисоботда иккинчи тоифада қолди (Tier 2) — у ҳукуматлари TVPA минимал стандартларига тўлиқ риоя қилмайдиган, лекин уларга риоя қилиш учун жиддий саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган давлатларни ўз ичига олади. Мамлакат 2021 йилдан буён ушбу тоифага мансуб ҳисобланмоқда.

Мамлакатлар АҚШнинг одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунининг (Trafficking Victims Protection Act, TVPA) минимал стандартларига жавоб беришлари бўйича сараланган ва уч тоифага бўлинган.

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари қаторида:

  • кўпроқ одам савдогарларини тергов қилиш, жиноий жавобгарликка тортиш ва судлаш;
  • хориждаги меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш;
  • одам савдоси қурбонлари учун Ўзбекистондаги ягона бошпанага ажратилаётган маблағ кўпайтирилди.

Бироқ, ҳисоботда қайд этилишича, ҳукумат одам савдоси қурбонларини камроқ аниқлади ва баъзи маҳаллий амалдорлар пахта етиштириш бўйича норасмий квоталарни қўйишда давом этишди, бу эса «пахта теримида мажбурлаш учун рағбатларни сақлаб қолишга ёрдам берган бўлиши мумкин».

Ҳисоботга кўра, 2022 йилда Ўзбекистон расмийлари 93 нафар одам савдоси қурбонларини аниқлаган, 2021 йилда эса бу кўрсаткич 175 нафарни ташкил этган. Улардан 81 нафари жинсий савдо қурбони (80 нафар аёл ва бир қиз) ва 12 нафари мажбурий меҳнат қурбони (барчаси эркаклар).

Жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси қурбонларининг барчаси Ўзбекистонда эксплуатация қилинган Ўзбекистон фуқаролари, мажбурий меҳнат қурбонлари эса хорижда аниқланган Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати, шунингдек, ўтган йили 172 та тергов ўтказганини маълум қилди: жинсий эксплуатация учун одам савдоси (125), одам савдоси (16) ва аниқланмаган болалар эксплуатацияси (31).

35 нафар мансабдор шахс меҳнат қонунчилигини бузгани учун маъмурий жазога тортилди, бу 2021 йилдаги кўрсаткичнинг деярли ярмини ташкил этади, дейилади хабарда.