Қашқадарё вилояти Нишон туманида ҳудудий Экология бошқармаси ва ИИБ ходимлари «Балхияк» маҳалласида яшовчи фуқаронинг уйида рейд ўтказди.

Экология вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, A.K. ўз уйида 9 та бўз эчкиэмар ҳамда 5 та Ўрта Осиё чўл тошбақасини ноқонуний сақлаб келаётгани аниқланган.

Бўз эчкиэмар ва Ўрта Осиё тошбақаси Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда CITES Конвенциясига (Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция) киритилган.

Бундан ташқари, A.K. 2 та кўлвор илонни ўлдириб, ҳовлисига осиб қўйган.

Судралиб юрувчилар ушланиб, яшаш жойларига мос чўл ҳудудига қўйиб юборилди. Аниқланишича, фуқаро ҳайвонот дунёсига 51,5 млн сўм миқдорида зарар етказган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда.