Жиззах вилоятида ўғриланган давлат рақамини автомобилига тақиб, жами 292 та тезлик қоидаларинибузган ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда «My5» телеканалининг «Марказий студия» кўрсатувида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2023 йил 10 июль куни халқаро М-39 Тошкент-Термиз йўлининг Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида сирена ва мигалкаларини ёқиб ҳаракатланиб келаётган Malibu-2 машинаси ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилди.

Транспорт текширилганида давлат рақами ушбу автомашинага тегишли эмаслиги ҳамда юкхонада яна бир жуфт давлат рақами борлиги аниқланган. Олд ойнаси ноқонуний равишда қорайтирилган ва давлат рақам белгисини ўзгартириб ҳаракатланган ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, машина жарима майдонига жойлаштирилган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, машинадаги давлат рақами 2022 йил 4 август куни Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган устахоналарнинг биридан ўғирлаб кетилгани маълум бўлган.

Ўғирланган давлат рақами Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаронинг Nexia-1 машинасига тегишли экани аниқланган.

2022 йил 4 август кунидан то бугунгача ўғирланган давлат рақамлари Toyota Prado, Tracker, Malibu-2, Lacetti ва Nexia-3 машиналарига тақилган ва улар томонидан 292 марта тезлик бўйича қоидабузарлик содир этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.