10 июль санасидан Баҳодир Абдикаримов Ганжиевич Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги директори лавозимида фаолият юритади. Бу ҳақда президент қарор [ПҚ-218-сон] қабул қилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

У Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 июндаги қарори билан агентлик директори бўлиб ишлаб келаётганди. Агентлик Туризм ва маданий мерос вазирлигидан ажратилгандан кейин Баҳодир Абдикаримов агентликка яна директор этиб тайинланди.

Маданий мерос йўналишига ишга келишидан аввал у Бош прокуратурада бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, Маданий мерос агентлиги 2021 йил апрель ойида ташкил этилган. Агентлик давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулкини асраш бўйича ишларнинг буюртмачиси сифатида белгиланган.