Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги ноқонуний чиқинди ташланаётган жойларга 25 та видеокамера ўрнатилиб, улар Ўзбекистон Экология вазирлиги марказий диспетчерлик ва онлайн мониторинг бошқармаси доимий назоратида бўлди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Бундан ташқари, яна 200 та кузатув камераси ўрнатилмоқда. Келгусида барча ноқонуний чиқиндихоналарга барҳам бериш мақсадида республика бўйлаб ана шундай камералар ўрнатиш режалаштирилган. Уларнинг умумий сони 1000 га яқин бўлади, дея таъкидлади матбуот хизмати.

Экология вазирлиги чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш катта миқдорда жарима солишга олиб келишини эслатди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддасига кўра, саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинади.

МЖтКнинг 91(1)-моддасига кўра, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Маиший ва қурилиш чиқиндилари полигонларига жойлаштирилиши керак бўлган чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солинади.