Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга 125 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратишни маъқуллади. Маблағ мамлакатнинг электр узатиш тармоғини такомиллаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларининг кўпроқ мамлакат энергетика балансига интеграциялашувини таъминлаш учун ишлатилиши режалаштирилган, дея хабар бермоқда банк матбуот хизмати.

«Декарбонизация сари рақамлаштириш — Электр узатиш тармоқларини такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида етти вилоятда — Бухоро, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида умумий узунлиги қарийб 359 километр бўлган 12 та электр узатиш линиялари реконструкция қилинади. Бундан ташқари, лойиҳа жорий ва лойиҳалаштирилган энергия эҳтиёжларини қондириш учун қувватларни ошириш мақсадида Файзобод, Обиҳаёт, Зафар ва Зарафшонда 220 киловольт қувватли тўртта подстанциянинг реконструкция ва модернизация қилинишини молиялаштиради.

«Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг ишончли ва арзон электр энергиясига бўлган ортиб бораётган талабини қондиришга ёрдам беради ва шу билан бирга мамлакатнинг „яшил“ ва паст углеродли иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлайди. Миллий тармоқни модернизация қилиш давлат ва хусусий секторнинг қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини тўлдиради ва барча учун энергиядан яхшироқ фойдаланишни таъминлашга ёрдам беради», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Лойиҳа доирасида эски технологияларни замонавий ҳамда диспетчер бошқаруви ва маълумотларни тўплаш (SCADA) тизимига улаш имкони бўлган юқори вольтли линиялар ва подстанцияларга алмаштириш орқали электр узатиш тармоғи рақамлаштирилади. Бу диспетчерлик марказига масофадан туриб бошқариш ва реал вақтда ва тарихий маълумотларни олиш имконини беради. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компанияси электр таъминотини яхшироқ бошқариш ва тармоқда қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш қувватини ошириш имкониятига эга бўлади.

«Узилишли қайта тикланадиган энергия таъминотини самарали бошқаришга қодир бўлмаган қўлда бошқариладиган тизимдан воз кечиш қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали энергетик ўтиш учун жуда муҳимдир. Бундан ташқари, тармоқни рақамлаштириш ва иқлим ўзгаришига чидамли технологияларни жорий қилиш режалаштирилмаган узилишларни камайтиришга ва тармоқ самарадорлигини оширишга ёрдам беради», — деди ОТБнинг энергетика бўйича мутахассиси Нана Гургенидзе.

Шунингдек, лойиҳа «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компаниясининг корпоратив бошқарув ва лойиҳаларни бошқариш соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлайди. Лойиҳа гендер масалалари ҳисобга олинган стратегик режалар ва сиёсатларни ишлаб чиқишга, шунингдек, ҳимоя чоралари ва молиявий бошқарув бўйича салоҳиятни оширишга ёрдам беради.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўшандан бери банк мамлакатга 10,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак ажратган.