Тошкентдаги Aziya Invest Favorit қурилиш компаниясининг «Иззат» турар-жой мажмуасидан квартира сотиб олган аҳоли муаммосини ҳал қилиш учун Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Очилбай Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.

aziya invest favorit, квартира, уй-жой муаммоси

Вазирлар Маҳкамасида алданган ҳиссадорлар билан учрашув.

Шунингдек, комиссия таркибига адлия вазири Акбар Тошқулов, қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Давронжон Одилов, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев ва бошқалар киритилди.

«Газета.uz» бир гуруҳ фуқароларнинг пойтахтнинг Яшнобод тумани Иззат кўчасида 8 та кўп қаватли уй қураётган компания устидан президентга мурожаат қилгани ҳақида ёзганди. Қурувчи банклардан кредит олиш учун фуқароларга сотиб бўлинган квартиралар кадастр ҳужжатларини ўз ходимлари номига расмийлаштириб, уларни гаровга қўйган. Бундай схема ҳақида 2021 йилнинг ёзидаёқ хабар берилган, аммо компания қурилаётган уйлардаги квартираларни сотишда давом этган. 1000 дан ортиқ аҳолига етказилган зарар 300 млрд сўмдан ошиши мумкин. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Бош вазир Абдулла Арипов комиссияга лойиҳа-смета ҳужжатлари, қурилиш қоидалари ва нормаларига, қурилиш жадвалига риоя этилишини текшириш, қурилиш ташкилотининг имкониятларини ўрганиш, корхона ва мулкдорлар ўртасидаги шартномаларни таҳлил қилиш, томонларнинг мажбуриятлари, сотиб олиш бўйича тўловларни ўрганиш, кадастр ва ипотека ҳужжатларининг бажарилишини таҳлил қилиш бўйича топшириқлар берди.

Комиссия, шунингдек, пудратчининг режалаштирилган ва тугалланмаган уйларнинг қурилишини якунлаши, уй-жойларни ўрнатиш ва жиҳозлашни амалга ошириши, шунингдек, фойдаланишга топшириши имкониятларини ҳам ўрганиши керак.

Бундан ташқари, уй-жой қуриш учун жалб қилинган банк кредити бўйича тўловларни кечиктириш, шунингдек, гаровга қўйилган квартираларни банк балансидан чиқариш ва кредитни кафолатлаш учун уларни қурувчининг бошқа мулкига алмаштириш имкониятларини ўрганиш режалаштирилган.

Шунингдек, квартираларни (кредит бўйича гаровга қўйилган) хатловдан олиб ташлаш ва мулкдорларга кадастр ҳужжатларини бериш режалаштирилган.

Комиссия «Сувсоз» корхонасига қарашли 4,5 гектар майдонда асоссиз қурилган уй-жойларни сотиш жараёнларини ўрганади, давлатга етказилган зарарни дастлабки баҳолайди, шундан сўнг ер участкаларини олиб қўйиш ёки ер участкаси қийматини уйлар қийматида акс эттириш вариантлари кўриб чиқилади.

20 июлга қадар бош вазир ўринбосари Очилбай Раматов ўрганишни якунлаши ва муаммони ҳал этиш бўйича асосли таклифлар киритиши керак.

Адлия вазири ва Бош прокуратура бир ой муддатда шартномалар доирасида янги қурилишлардан квартираларни олувчиларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим. Гап тўловларни суғурталаш, мулкий ҳуқуқларни белгилаш, талаб ва меъёрларга риоя қилмаган юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини ошириш, пул маблағларини қайтариш кафолатларини кучайтириш ҳақида бормоқда.