26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишда чет элда ишлаётган ўзбекистонликлар сони маълум қилинди.

Таъкидланишича, йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ахбороти эшитилган.

Маълум қилинишича, ҳозирда 1,7 миллион ўзбекистонлик чет элда, асосан, Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилмоқда.

«Мамлакат аҳолисининг 55 фоиздан ортиғи ёшлардан иборатлиги ҳамда йилига меҳнат бозорига 600 мингга яқин ишчи кучи кириб келаётгани мазкур муаммонинг нақадар муҳимлигидан далолат беради», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 21 май куни Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида мигрантлар масаласига алоҳида урғу берилгани, шу куннинг ўзида Россияда «Ўзбекистон фуқароларининг Россиядаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари» мавзусида ўтказилган Ўзбекистон-Россия форуми ҳам миграция масаласининг минтақадаги аҳамиятини белгилаб бериши таъкидланган.

Йиғилишда айтилишича, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо давлатлар ичида меҳнат ресурслари бўйича Россиядан кейинги ўринда туради. Россиядаги меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижий фуқаролар сони бўйича эса Ўзбекистон биринчи ўринда туради.