Бугунги кунда биринчи чорак якунигача 2 млн 346 минг нафар мигрант чет элда ишламоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтган матбуот анжуманида агентлик бошқарма бошлиғи Азим Аҳматов айтиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, бу рақамлар барча манбалар ҳисобида таҳлил қилинган ҳамда эълон қилингандан сўнг ҳам 400 минг нафарга яқин мигрант Ўзбекистонга қайтиб келган.

Хориждаги фуқароларнинг аксарият қисми — 1,5 млн нафари ҳозир Россияда меҳнат миграциясини ўтаяпти. Уларнинг деярли 200 минг нафари норасмий ишламоқда. Корея Республикасида 64 минг Ўзбекистон фуқароси ишлаётган бўлса, ундан 13 минг нафари норасмий фаолият кўрсатяпти.

«Бошқа кўп давлатларга кетган фуқароларимиз ташкилий тартибда кетган бўлмаса ҳам, ишлаш жараёнида ҳужжатларни расмийлаштириб, патент рухсатномаларини олганлар кўпчиликни ташкил қилади, — дея таъкидлади агентлик бошқарма бошлиғи Азим Аҳматов.

Унинг сўзларига кўра, миграцияда иштирок этаётган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни тўлақонли таҳлиллардан ўтказмасдан оммавий эълон қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Сабаби жаҳон тажрибаси ҳамда халқаро ташкилотлар тавсиясида ҳам меҳнат мигрантлари тўғрисидаги маълумотлар фақат 3 та манбага асосланади.

Булар сўровномалар ўтказиш, маъмурий манбалар орқали (масалан, уларнинг ҳудудлардан чиқиши ва кириши ҳисобга олинади) ва турли илмий таҳлиллар ва аҳоли ўртасида ўтказилган рўйхатга олиш жараёнида шакллантирилган маълумотлар асосида. Шунинг учун бу маълумотларни ҳар куни янгилаб бориш имконияти чегараланган.

«Шунинг учун, ҳозирда ўртача 2 млн нафардан ортиқ фуқаро чет элда меҳнат миграциясини ўтаяпти, деб айта оламиз», — деди у.

Шунингдек, кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида ишлаш учун расмий йўллар билан хорижга кетаётганлар сони ошди.

«Масалан, илгари 0,15% фуқаролар расмий йўл билан ишга кетарди. Бугунги кунда бу кўрсаткич мавсумий характерга эга бўлиб, меҳнат миграцияси жараёни кўпайган пайтда 8 фоизга, сони чекланганда 9 фоизга чиқяпти. Яъни ташкилий ишга юборилган фуқаролар кўрсаткичи бугунги кунда 8−9 фоизни ташкил қилади», — деди Азим Аҳматов.