1 июль куни Тошкент вилояти Пискент туманидаги «Тошкент» давлат ўрмон хўжалигига қарашли «Ангрен ўрмон бўлими» 1-участкасида содир бўлган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Ёнғин соат 12:00 да бошланган. Вилоят ФВБ ва туман ФВБ бўлими ходимлари махсус ўт ўчириш машиналари ва ўрмончилар билан биргаликда уни тўлиқ бартараф этган.

Ҳудудда ёввойи қуриган ўтлар ва табиий ҳолда ўсган жинғил буталари ёнган. Зарарланган майдон 5,89 гектарни ташкил этган. Ҳозирда соҳа мутахассислари томонидан ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланмоқда.

6 июль куни ҳолат юзасидан Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши кўзғатилган.

Бош прокуратура мазкур жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатган.