Фарғона вилояти Данғара туманидаги масжидда эркак танишига пичоқ билан ҳужум қилди, дея хабар бермоқда «Миллий» телеканали.

Воқеа 15 июнь куни соат 12:25 да «Навбаҳор» маҳалласида содир бўлган. Маълум бўлишича, ўша куни эркаклар масжидга кетаётганда жанжаллашишган. У. (1992 йилда туғилган) намоздан олдин таҳорат олаётганда, Ҳ. (1984 йил) унга яқинлашиб, сувенир пичоқ билан бош, кўкрак, бўйин ва қорин қисмларига бир неча марта зарба берган.

Ҳодисага гувоҳ бўлган таҳоратхонадагилардан бири ҳужум қилган шахсни тўхтатган. Жабрланувчи шифохонага етказилган, унинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан X.га нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 97-моддаси 1-қисми (қотилликка суиқасд) билан билан жиноят иши қўзғатилган. Гумондор ҳибсга олинган.