Ўзбекистон ички бозорларида шакарнинг чакана нархи 12 000−13 500 сўмгача пасайиб ёки йил бошига (13 500 — 14 500 сўм) нисбатан 10 фоизга арзонлашди, дея хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қўмита республикада йиллик умумий ишлаб чиқариш қуввати 900 минг тоннадан ортиқ бўлган маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчи («Хоразм шакар» МЧЖ ва «Ангрен шакар» МЧЖ) корхоналарда мамлакат ички эҳтиёжининг (ўртача 650 минг тонна) 138 фоиздан ортиғини қоплаш имконияти мавжудлигини қайд этган.

Маҳаллий корхоналар томонидан январь-июнь ойларида биржа савдоларига жами 336,7 минг тонна шакар қўйилиб, унинг 280,1 минг тоннаси (83 фоизи) сотилган.

Июнь ойида шакарнинг 1 тоннаси учун ўртача сотилиш нархи spot битимларида (тўлов дарҳол амалга ошириладиган битим шакли) ўртача 14 фоизга ва forward битимларида (тўлов битим тузилганидан камида 3 иш куни ўтиб амалга ошириладиган битим шакли) ўртача 15 фоизга пасайгани кузатилган.

«Мазкур ҳолат чакана нархларга ҳам таъсир этиб, бугунги кунда ички бозорларда шакарнинг чакана нархи 12−13 минг сўмгача тушгани кузатилмоқда ёки йил бошига (13−14 минг сўмни) нисбатан 10 фоизга пасайган», — дейилади қўмита хабарида.

Маҳаллий шакар заводлари шакар хомашёсини Бразилиядан харид қилмоқда. 3 июль ҳолатига бу заводларда 389 минг тонна шакар маҳсулоти ресурслари мавжудлиги ҳамда арзон нархларда хомашё етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзолангани айтилган.

Қўмита шакар маҳсулоти нархларининг кескин ошиши ҳамда вужудга келиши мумкин бўлган ҳолатларининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани ва доимий назорат ўрнатилганини қайд этган.

Аввалроқ Статистика агентлиги ҳисоботида шакар июнь ойида 1,8 фоизга арзонлашгани, лекин сўнгги бир йилда маҳсулот нархи 13,4 фоизга ўсгани қайд этилганди.