2024 йил 1 январдан Нидерландияда мактаб ўқувчиларига дарсда мобил телефон, планшет ва ақлли соатлардан фойдаланиш тақиқланади. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати маълум қилди.

Бундай қарорга гаджетлар «чалғитиши ва ўқувчиларнинг муваффақиятига салбий таъсир кўрсатиши» сабаб бўлган.

«Мобил телефонлар ҳаётимиз билан чамбарчас боғлиқ бўлишига қарамай, синфда уларга ўрин йўқ. Ўқувчилар диққатини жамлай олиши ва яхши ўқиш шароитига эга бўлиши керак. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мобил телефонлар чалғитишларга сабаб бўлади», — деди Нидерландия таълим вазири Робберт Дейкграаф.

Мобил қурилмаларга фақат қуйидаги ҳолларда рухсат берилади:

  • дарс мазмуни телефондан фойдаланишни ўз ичига олса, масалан, рақамли кўникмалар бўйича дарс;
  • тиббий сабабларга кўра ёки ногиронлар учун телефондан фойдаланиш эҳтиёжи мавжуд бўлса.

Хабарда таъкидланишича, жорий этилган қоидага қандай амал қилишни мактабларнинг ўзлари ҳал қилишлари мумкин. Агар уларнинг чоралари 2024 йилнинг ёзига қадар иш бермаса, у ҳолда юридик тақиқ қабул қилинади.