Чоршанба куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган сайловолди йиғилишида пойтахтни яшиллаштириш бўйича етти йиллик режани тақдим этди, деб хабар бермоқда уни президентликка номзод сифатида кўрсатган ЎзЛиДеП матбуот хизмати.

Тақдим этилган «Тошкент 2030» стратегиясига кўра, Янги Тошкентнинг 20,4 минг гектар майдони ҳисобига шаҳар майдони 43,4 минг гектардан 63,8 минг гектарга кенгаяди.

«Бугунги кунда пойтахтимизда яшил майдонлар 900 гектарни ташкил қилади. Келгуси етти йилда бу ҳудудни 5 баробар кўпайтириб, 5 минг гектарга етказамиз», — деди у.

Шу мақсадда шаҳар бўйлаб ҳар йили камида 1 миллион дона манзарали, мевали кўчатлар ва қаламчалар экиш ҳамда ҳар бир маҳаллада 1 мингтадан дарахт кўчатлари экиш ишлари режалаштирилган.

Шунингдек, Яшнобод, Янгиҳаёт, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманларида 4 минг гектар майдонда яшил ва «тематик» боғлар барпо қилиш таклиф этилмоқда.

Номзоднинг таъкидлашича, Янги Тошкент ҳудудида умумий майдони 35 гектар бўлган сунъий кўл ташкил қилинади, 50 гектар майдонда йирик «Аква парк» қурилади. Кўчат етиштириш, парваришлаш, суғориш бўйича «замонавий сервис тизими» яратилади.

Шаҳар бўйлаб 100 километр велосипед йўлаклари, 32 та сайлгоҳ, 30 та яшил ҳудуд ва хиёбонлар барпо қилинади, дея қайд этди номзод.

шавкат мирзиёев

Анҳор канали бўйлаб умумий узунлиги 60 км бўлган сайлгоҳ, жумладан, Юнусобод ва Чилонзор туманларида велойўлаклар ташкил этиш режалаштирилган.

Номзоднинг қайд этишича, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича замонавий кластер тизимини яратишга 250 миллион доллар миқдорида сармоя киритиш ҳамда зарарли газлар ҳажмини 150 минг тоннага ёки 50 фоизга камайтириш режалаштирилмоқда. Пойтахт «тоза ҳаволи мегполислардан бирига айлантирилади».

Электромобиллар улушини 30 фоизга (уларни харид қилиш учун имтиёзли кредитлар жорий этиш таклиф қилинмоқда), пойтахт автобус паркида электробуслар улушини 50 фоизгача (1200 та янги электробус харид қилиш билан) ошириш режалаштирилган.

Иссиқлик тармоқларида йўқотишларни етти йил ичида 40 фоиздан 25 фоизга камайтирилади, дея таъкидлади президентликка номзод.

Аввалроқ «Газета.uz» Тошкентда пиёдалар учун ҳам, велосипедчилар учун ҳам ноқулайлик туғдираётган, аёз кунлар синовидан ўтолмаган велойўлакли бетон тротуарлар қурилиши давом этаётгани ҳақида ёзганди.