Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Бухородаги «Пойи калон» меъморий мажмуаси ёнида қиз ва йигитнинг рақсга тушганига муносабат билдирди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ёшларнинг хатти-ҳаракатларини қоралади.

Бошқарма маълумотларига кўра, видео 2022 йил июль ойида тасвирга олинган. Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро Самарқанддаги техникум ўқийдиган таниши (иккаласи ҳам 2004 йилда туғилган) билан бирга соат 5:00 да Бухоронинг тарихий қисмида жойлашган «Пойи калон» меъморий ансамблига келиб, «турли беўхшов қилиқлар» қилишган.

Рақс телефонда тасвирга олинган ва шахси аниқланаётган таниши томонидан интернетда тарқатилган. У аниқлангандан сўнг, «қонунда назарда тутилган жазонинг муқаррарлиги таъминланади», дейилади хабарда.

Бухоро ИИО ФМБ томонидан ёшларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.