Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан 4 июль куни ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг видеоанжуман шаклида ўтадиган навбатдаги мажлисида иштирок этади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Саммит кун тартибига мувофиқ, ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ташкилот фаолиятини кенгайтириш ва такомиллаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади, дейилади хабарда.

Учрашув якунида ШҲТ давлатлари раҳбарлари томонидан иқтисодий ҳамкорлик, рақамли трансформация, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, маданий-гуманитар соҳа ва бошқа устувор йўналишлар бўйича бир қатор қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Аввалроқ тадбир Нью-Деҳлида ўтказилиши керак бўлгани, бироқ бир қатор етакчиларнинг вақт жадвалидаги қийинчиликлар сабабли формат ўзгарган бўлиши мумкинлиги хабар қилинган эди.

Тадбирга ШҲТга аъзо барча давлатлар таклиф этилган: Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон. Яна уч давлат — Эрон, Беларус ва Мўғулистон саммитда кузатувчи, Туркманистон эса раис меҳмони сифатида иштирок этади.

Бундан ташқари, олтита халқаро ва минтақавий ташкилот раҳбарлари таклиф этилган: БМТ, ЖШОМА (Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси), МДҲ, КХШТ, ЕОИИ ва СИСА (Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича конференция).

Охирги марта ШҲТ саммити 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда ўтказилганди. Якунда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари Самарқанд декларациясини имзолади.