4 июль куни Ҳиндистон раислигида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити виртуал форматда бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда мамлакат ТИВ сайти. Мамлакат илк бор саммитга раислик қилмоқда.

Тадбирга ШҲТга аъзо барча давлатлар таклиф этилади: Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон. Яна уч давлат — Эрон, Беларус ва Мўғулистон саммитда кузатувчи, Туркманистон эса раис меҳмони сифатида иштирок этади.

Бундан ташқари, олтита халқаро ва минтақавий ташкилот раҳбарлари таклиф этилган: БМТ, ЖШОМА (Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси), МДҲ, КХШТ, ЕОИИ ва СИСА (Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича конференция).

Дастлаб саммит Нью-Деҳлида ўтказилиши керак эди. Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги саммитни видеоконференция орқали ўтказиш тўғрисидаги қарор сабабларини келтирмади.

The Hindu манбаларига кўра, бунга сабаблардан бири сифатида «жадвал билан боғлиқ қийинчиликлар» бўлиши мумкинлиги айтилган. Қолаверса, Ҳиндистон ҳукумати бир қатор ШҲТ етакчиларидан, жумладан Хитой ва Покистондан якуний тасдиқ олмаган. Бошқа сабаблар нашр суҳбатдошлари Украинада давом этаётган уруш «Россия президенти Владимир Путиннинг иштирокига соя солиши мумкин»лиги, шунингдек, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг «жуда банд» жадвалига ишора қилмоқда.

Охирги марта ШҲТ саммити 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда ўтказилганди. Якунда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари Самарқанд декларациясини имзолади.