Ўзгидромет хизмати агентлиги 3−7 июль кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон бўйича июль ойининг биринчи кунлари ўртача иссиқ бўлди. Ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +37…+39 даражага етди, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +40…+43 даражагача бўлди.

Якшанба куни республиканинг шимолий ҳудудларига Қозоғистон ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ҳарорати +31…+32 даражагача пасайди.

Душанба куни салқин ҳаво республиканинг барча ҳудудларига тарқала бошлади. Кундузи ҳаво ҳарорати +33…+36 даражагача, жанубда 40 даражагача пасаяди. Меъёрий қийматларга яқин бўлган бундай ҳарорат фони иш ҳафтасининг охиригача сақланиб туради.

3−7 июль кунлари айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларда, шунингдек, 4 июлда кечга томон Фарғона водийси вилоятлари бўйича баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши кутилмоқда, 3−4 июль кунлари энг чекка жанубда 20−22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Пойтахтда ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий йўналишдаги шамол 3−8 м/с тезликда эсади, вақти-вақти билан 10−12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат асосан +34…+36 даража бўлади.