«Би-би-си» журналистлари июнь ойида КХДР фуқаролари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди (манбалар улар суҳбатлашган фуқаролар ишончли экани, ёлғон маълумот бермаслигини таъкидламоқда). Уларнинг маълум қилишича, сўнгги йилларда мамлакатдаги иқтисодий аҳвол ва озиқ-овқат таъминоти бирдан сезиларли ёмонлашган. Авваллари гуручга пул топа олган аксарият шимолий кореяликлар энди нисбатан арзонроқ егулик — маккажўхори истеъмолига ўтган. Бозорларда маҳсулотлар камайиб кетган ва, «Би-би-си» суҳбатдошларининг сўзларидан хулоса қилинса, одамлар очликдан ўла бошлаган.

Meduza Сеулдаги Кунмин университети етакчи илмий тадқиқотчиси Фёдор Тертицкийга таяниб, Шимолий Корея ҳукумати нима сабабдан ўнлаб йиллардан бери озиқ-овқат муаммосини ҳал қила олмаётгани ва пандемия вазиятни қандай қилиб янада оғирлаштиргани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилди. «Газета.uz» мақола таржимасини эътиборингизга ҳавола қилади.

Шимолий Корея тарихда бир неча бор очарчиликни бошдан кечирган. Энг даҳшатлиси — нисбатан яқинда, тўқсонинчи йилларда кузатилган

Иқтисодий инқирозлар ва очарчилик Шимолий Кореянинг 78 йиллик тарихида мунтазам юз бериб турган. Энг биринчи инқироз Кореянинг Совет-Япон уруши натижасида советлар томонидан эгаллаб олинган ҳудудида бошланган. Инқироз ярим оролнинг шимолий қисми аграр соҳага ихтисослашган жануб ва собиқ метрополия (яъни Япония)дан узиб қўйилиши, шунингдек, босқинчи кучлар қўмондони генерал-полковник Иван Чистяковнинг шафқатсиз раҳбарлик услуби натижасида юзага келган. Шимолий Кореядаги илк очарчиликнинг асосий қурбонлари японияликлар бўлиб, уларни совет қўмондонлиги геттога (изоляцион лагерга — таҳр.) жойлаштирган — у ерда одамлар ёмон санитария шароитлари ва озиқ-овқат етишмовчилигидан қирилган. Чистяков қўл остидагиларнинг одамларга гуруч бериш тўғрисидаги илтимосига вето қўйган ва гуруч Қизил Армия ўлжаси эканлигини айтган.

Япония таслим бўлганидан кейин Кореянинг шимолий қисмида иқтисодиёт амалда бутунлай тўхтаб қолади. Очлик аҳолининг янада кенгроқ қатламларини қамраб олиши мумкин эди, бироқ фалокатнинг олдини олишга эришилади. Архив ҳужжатлари шуни кўрсатадики, бунда Приморский ҳарбий округи қўмондони маршал Кирилл Мерецковга оккупация ҳудудида нималар содир бўлаётгани ҳақида хабар беришдан қўрқмаган икки офицер — подполковник Георгий Федоров ва майор Юрий Лившицнинг аралашуви асосий омил бўлиб хизмат қилган. Ўзи 1941 йилги қатағондан мўъжизавий тарзда қутулиб қолган маршал очликдан азоб чекаётган японларга ёрдам кўрсатиш ҳақида буйруқ беради.

КХДРда кейинги очарчилик 1954−1955 йиллардаги воқеалар пайтида юз берган. Бу сафар очарчиликка коллективлаштириш сабаб бўлади: Шимолий Корея етакчиси Ким Ир Сен совет моделига эргашишга шу қадар иштиёқ билан киришиб кетадики, 1952 йилда Москвадаги учрашув чоғида Иосиф Сталиннинг ўзи унга суръатни бироз сусайтиришни маслаҳат беради. Нафақат хусусий савдога нисбатан қўйилган бир қатор тақиқлар сабаб юзага келган очарчилик, балки КХДРнинг урушдан кейинги тузилмасидан хафсаласи пир бўлган амалдорларнинг бирин-кетин ўз жонига қасд қилишлари ҳам партия раҳбариятини иқтисодий сиёсатни вақтинча юмшатишга мажбур қилади. Савдога қўйилган чекловлар енгиллаштирилади ва бунга параллел равишда Пхеньян етишмаётган донни бошқа социалистик мамлакатлардан сотиб ола бошлайди.

Бироқ Шимолий Корея тарихидаги энг даҳшатли ют 1990 йиллардаги Буюк очарчилик бўлиб, бу Шарқий Осиёда Мао Цзэдуннинг «Буюк сакраш» давридан кейин кузатилган энг катта фожиадир. Ушбу ҳодисаларга бир қанча омиллар сабаб бўлган.

Биринчидан, Ким Ир Сеннинг иқтисодий масалаларда мутлақо билимсизлиги. КХДР асосчиси, биринчи навбатда, ўзининг азалий орзуси — Жанубга бостириб кириш ва Кореяни ўз ҳукмронлиги остида бирлаштиришга хизмат қилувчи максимал даражада марказлашган иқтисодиётни яратишга интилган. Қишлоқ хўжалиги мамлакат раҳбари учун устувор аҳамиятга эга эмасди ва шу сабабли 1980 йилларда бу соҳа чуқур инқирозга юз тутди. Колхоз тизимининг самарасизлиги ҳам, ривожланмаган инфратузилма шароитида механизациялашнинг етарли даражада эмаслиги ҳам, шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги муваффақиятсиз тажрибалар ҳам ўз сўзини айтди.

Иккинчи муҳим омил — геосиёсий ўзгаришлар эди. Иқтисодиёти «биродар мамлакатлар» — биринчи навбатда Хитой ва СССР — таъминотига боғлиқ бўлган Шимолий Корея ташқи ёрдамсиз қолди. Бунга кўп жиҳатдан Пхеньяннинг ўзи — Москва (1990 йилда) ва Пекиннинг (1992 йилда) Жанубий Корея билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш қарорига эмоционал муносабатда бўлганлиги сабаб эди. Ким Ир Сен нуқтаи назарида бу — Жанубий Корея билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш — хиёнат эди ва у «Жанубий Корея қўғирчоқлари»ни тан олган совет ва хитойлик «ревизионистлар» КХДРнинг бу позициясини ҳис қилиши учун ҳаракат қилди.

Ниҳоят, учинчи омил — 1990 йиллар ўрталарида қишлоқ хўжалигига навбатдаги зарба бўлган сув тошқинлари, тўртинчиси эса 1994 йилда Ким Ир Сеннинг оламдан ўтиши эди. Отасининг қарийб ярим асрлик ҳукмронлигидан кейин ҳокимиятни мерос қилиб олган эҳтиёткор Ким Чен Ир ҳар қандай қалтис ҳаракат режимни қулатиши мумкинлигидан чўчиб, тизимда имкон қадар ҳеч қандай ўзгариш қилмасликка қарор қилди. Шу боис КХДР ҳукумати таркибий ислоҳотларни амалга оширмади ва ҳатто қўшниларидан ёрдам ҳам сўрамади.

Натижада фалокат юз берди. КХДРда очарчилик қурбонлари сони камида юз минглаб, айрим ҳисоб-китобларга кўра, миллион кишидан ошиб кетди. Омон қолган кўпчилигининг саломатлиги мунтазам равишда тўйиб овқатланмаслик туфайли ёмонлашди. Инқироз бир неча йил ўтгач, КХДР иқтисодиёти қора бозор туфайли яна ўсишни бошлаганидагина барҳам топди, ҳукумат эса уни либераллаштиришга қарор қилди.

Сўнгги йилларда КХДР ҳақида аввалгидан ҳам камроқ маълумотга эгамиз. Ҳамма гап — коронавирусда

Сўнгги бир неча йил ичида КХДР тақдирини белгилаб берган асосий омил коронавирус пандемияси бўлди. Уханда юзага келган илк эпидемиядан сўнг — ва ҳатто 2020 йил март ойининг бошида касаллик бутун сайёра бўйлаб тарқала бошламасдан олдин — Шимолий Корея ташқи дунё билан алоқани қарийб бутунлай узди. Шунга ўхшаш, ҳартугул нисбатан юмшоқроқ карантин режимини, аксарият ҳолларда КХДРнинг учинчи давлатлар билан алоқаларига воситачилик қилувчи, Хитой ҳам жорий қилди.

Жанубга саёҳат қилаётган КХДР фуқаролари сони ҳам кескин қисқарди (сўнгги уч йилда уларнинг сони 1990-йиллардаги кўрсаткичдан ҳам камайди).

Жанубий Кореяга келаётган КХДР фуқаролари сони. Инфографика: MeduzaЖанубий Кореяга келаётган КХДР фуқаролари сони. Инфографика: Meduza

Натижада КХДР ҳақидаги маълумотлар ҳажми кескин қисқарди. Ушбу ёпиқ мамлакатни ўрганиш учун тадқиқотчилар бир нечта усуллардан фойдаланардилар:

  1. Шимолий кореялик қочқинлар билан суҳбатлашиш;
  2. КХДРдан сизиб чиққан махфий ҳужжатлар билан танишиш;
  3. Сунъий йўлдош тасвирлари билан ишлаш;
  4. КХДРдан ташқарида, хорижий мамлакатда яшовчи шимолий кореяликлар билан суҳбатлар (масалан, Дандонг ёки Макаода);
  5. Очиқ манбаларни таҳлил қилиш;
  6. Туристик саёҳатлар доирасида КХДРга сафар қилиш.

Ушбу олти банддан фақатгина очиқ маълумотлар ва сунъий йўлдош тасвирлари билан ишлаш ўзгаришсиз қолди — ҳатто материалларнинг сизиб чиқиши ҳам бир неча бараварга қисқарди (бундай ҳолатлардан бири сифатида фақат Корея Меҳнат партиясининг 2021 йил VIII йиғилишида тасдиқланган ёпиқ Низомининг сизиб чиқишини келтириш мумкин).

Ҳатто Хитойдан ҳам ёпилган КХДР ҳукумати янги инқирозни келтириб чиқарди. Бунга 2019 йилдаги Ким Чен Ин ва Трамп ўртасидаги музокараларнинг муваффақиятсиз якунлангани ҳам таъсир қилган

Қарийб бутун дунё (шу жумладан, коронавирусга нисбатан буткул муросасизлик режимини сақлаб қолишга ҳаракат қилган Хитой, Австралия ва Янги Зеландия)дан фарқли ўлароқ, КХДР ҳали ҳам чегараларини очмади. Бу эса деярли биргина Хитой билан амалга ошириладиган ташқи савдо интенсивлигининг кескин пасайишига олиб келди.

Хитойдан иқтисодий ёрдам етказиб бериш ҳам қийинлашди. Шу билан бирга, Шимолий Корея озиқ-овқат сектори Хитойга кучли боғланган. Гап нафақат маҳсулот етказиб бериш, балки ўғитлар, асбоб-ускуналар, ёқилғи, қишлоқ хўжалиги техникалари ва юк автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар каби товарлар ҳақида ҳам бормоқда.

Бироқ, янги инқирозга туртки берган омил фақатгина Хитой билан савдо алоқаларининг узилиши эмас. КХДР иқтисодиётида бугун — аксил-ислоҳотлар даври. Иқтисодиётдаги 2000 йилларнинг охири ва 2010 йилларнинг бошларидаги ижобий ўзгаришларни орқага қайтариш 2019 йили Ханойда бўлиб ўтган Шимолий Корея-Америка саммити муваффақиятсизликка учрагач бошланган эди. Ўшанда Ким Чен Ин президент Доналд Трампдан КХДРга қарши санкциялар бекор қилинишини кутгани ҳолда, амалда ҳеч нарса ололмади. Пхеньяннинг шундан кейинги хатти-ҳаракатларидан хулоса қилинса, КХДР раҳбари санкциялар ҳали-бери бекор қилинмайди ва автаркияга асосланган, ўзини ўзи таъминлайдиган иқтисодиётни қуриш зарур, деган қарорга келган.

КХДРдаги ҳозирги вазият ҳақида маълумот ниҳоятда кам. Бироқ бори ҳам янги очарчилик хавфи анча юқори эканлигини тасдиқлайди

Шимолий кореяликларнинг умумий овқатланиш тамойили ўнлаб йиллардан бери ўзгаришсиз қолмоқда. Ўзига тўқ кишилар балиқ ва гўшт маҳсулотларини нисбатан тез-тез истеъмол қилиш имконига эга. Гуруч — ўрта синф учун. Камбағал қатлам учун — маккажўхори. Очликдан азият чекаётган одамларда эса ҳатто шунга ҳам пул йўқ.

DailyNK томонидан юритиладиган статистик маълумотларга кўра, Пхеньян ва унга чегарадош Синийчжу ва Хэсан шаҳарларида гуруч нархи 2019 йилга нисбатан 25 фоизга ошиб, сўнгги беш йил ичидаги энг юқори даражага етди. Маккажўхори нархи янада кўпроқ ошди — 2019 йилдагидан деярли икки баравар юқори. Гап Шимолий Корея вонининг қадрсизланганида эмас, чунки унинг КХДРда қўлланиладиган асосий хорижий валюта — АҚШ долларига нисбатан курси деярли ўзгаришсиз қолмоқда.

Бозорда нарх ўсиши одатда талабнинг ортиши ёки таклифнинг камайишига жавобан юз беради — ва Шимолий Кореяда содир бўлаётган воқеалар ҳақида биз билган нисбатан кам маълумотлар шуни кўрсатадики, КХДР вазиятида гап иккинчи сценарий ҳақида кетмоқда. Мамлакатнинг ўзини-ўзи яккалаганлиги ҳам, қишлоқ хўжалигидаги инқироз туфайли яккаланиб қолиши ҳам бозорларда маҳсулотларнинг камайишига олиб келмоқда. Нархлар ошиб бормоқда — одамлар эса тобора камроқ озиқ-овқат сотиб олишга мажбур.

Натижада мамлакатда турмуш даражаси пасайиб бормоқда. Илгари тўйиб овқатланганларнинг бир қисми тўйиб овқатланиш имкониятидан маҳрум бўла бошлайди. Илгари тўйиб овқатланмайдиганларнинг бир қисми очликдан ва организмнинг заифлашиши билан боғлиқ касалликлардан вафот этади.

Ҳозирги очарчилик (агар у ҳақиқатан ҳам кузатилаётган бўлса) кўп жиҳатдан 1990 йиллардаги очарчиликка ўхшайди. Лекин ҳозир КХДРда фалокатдан қутулиш имконияти кўпроқ

Мавжуд барча маълумотларга таянилса, КХДРда юзага келаётган вазият 1990 йиллардаги очарчиликка олиб келган шарт-шароитларга маълум даражада ўхшайди. Асосий сабаб — ўша-ўша: Хитой, Вьетнам, Лаос ва Куба (яъни, социалистик блокнинг бошқа барча мамлакатлари)дан ўрнак олиб бозор ислоҳотларини ўтказиш ўрнига, КХДР турган жойидан олдинга ҳаракат қилмаяпти. Олий раҳбарият нисбатан либераллик ҳукм сурган йилларда мавжуд бўлган Вазирлар Маҳкамасининг ислоҳотчи қисмининг лобби қилиш имкониятини мунтазам равишда қайтаришга уринмоқда. Иккинчи сабаб ҳам ўхшаш — Хитой таклиф қилаётган ёрдамни рад этиш.

Шу билан бирга, 2023 йилдаги эҳтимолий очарчилик ва 1990 йиллардаги воқеалар ўртасида жиддий фарқ бор. Биринчидан, КХДРнинг ҳозирги иқтисодиёти 25−30 йил аввалгисидан кўра кўпроқ бозорга йўналтирилган. Иккинчидан, 1990 йилларда Пхеньяннинг асосий мотиви — «хитойликларнинг шимолий кореяликларга ёрдам беришига йўл қўймаслик» — мафкуравий (Жанубий Кореяни тан олгани учун Хитойга нисбатан норозилик) эди ва 2020 йилларда унинг ўрнини санитар мотив — пандемия шароитидаги карантин эгаллади. Яна бир жиҳати, 2023 йил июндаги қатъий коронавирус чекловлари анахронизмга ўхшайди. Шарқий Осиёда карантин дунёнинг бошқа минтақаларига қараганда узоқроқ амал қилганига қарамай, Хитой, Жанубий Корея ва Япония аллақачон одатдаги турмуш тарзига қайтган.

Вазият ўзгаришига, нимадандир умид қилишга шимолий кореяликларда ҳам асослар йўқ эмас. 18 июнь куни КХДРнинг бош газетаси «Нодон Синмун» Ким Ир Сен таваллудининг 110 йиллиги ва Ким Чен Ир таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан навбатдаги «Пэкту тоғидан буюк одамларни мадҳ этиш фестивали» ўтказилиши ҳақида хабар берди. Ҳозирча у Пхеньянда бўладими ёки онлайн тарзда — аниқ эмас, бироқ карантин сиёсатида ўзгаришлар бўлишига имконият мавжуд.

КХДР нима учун ўз фуқароларининг бир қисмининг ҳаётига зомин бўлиши мумкин бўлган бундай хатарли сиёсат олиб бормоқда? Турли фаразларни илгари суриш мумкин, бироқ аниқ сабабини билмаймиз. Шунга қарамай, нисбатан катта ишонч билан айрим хулосалар қилиш мумкин. Биринчидан, амалдаги ёпиқлик режими Ким Чен Иннинг ихтиёри билан амал қилмоқда ва фақат унинг розилиги билан бекор қилиниши мумкин. Иккинчидан, маккажўхори гуручдан ҳам кўпроқ қимматлашгани вазият янада ёмонлашган тақдирда биринчи галда қашшоқ шимолий кореяликлар жабр кўришидан далолат беради. Нархлар ўсишда давом этган тақдирда, очликдан ўлиш ҳолатлари ҳам ортиб бораверади.