Ўзбекистон футзал бўйича 2024 йилги Жаҳон чемпионати мезбони этиб белгиланди. Бу ҳақда ФИФА Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилиниб, ташкилот президенти Жанни Инфантино мамлакатни мезбонлик билан табриклади.


Келтирилишича, ФИФА вакиллари яқин кунларда Жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистонда футбол инфратузилмасини ўрганиш учун келади. Маҳаллий ташкилий қўмита ФИФАга мавжуд инфратузилма юзасидан маълумотлар берди. Учрашувлар ўтказиладиган мажмуалар ва машғулот залларининг ФИФА талабларига, хусусан, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш борасидаги ҳаракатлар бошланди, дейилади хабарда.

Жаҳон чемпионати ўйинларини ўтказиш учун қуйидаги мажмуалар мўлжалланмоқда:

  • «Humo» арена (Турнирнинг очилиш ва финал учрашуви мазкур ўйингоҳда ўтказилиши режалаштирилмоқда),
  • «Юнусобод» спорт мажмуаси,
  • «Alpomish» муз саройи,
  • Миллий Гимнастика саройи,
  • Фарғонанинг «САМО» спорт мажмуаси,
  • Самарқанд Муз саройи,
  • Бухоро ва Андижондаги ареналар.

Бундан ташқари, жамоалар машғулот ўтказишлари учун 10 га яқин мажмуа ва спорт заллари тақдим этилди.

ФИФА вакиллари Ўзбекистонга келгач, маҳаллий ташкилий қўмита ҳамроҳлигида мусобақага мезбонлик қилиши кутилаётган шаҳарлар билан танишади. Мажмуалар, машғулот заллари, меҳмонхоналар, аэропорт, вокзал ва йўллар талабга жавоб бериши ўрганилади ҳамда якуний хулоса тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, бу мамлакатда ўтказиладиган биринчи халқаро турнир эмас. Ўзбекистон 2022 йилнинг 1−19 июнь кунлари футбол бўйича U23 Осиё кубогига мезбонлик қилди. Бундан ташқари, 2023 йилнинг март ойида мамлакат ўз уйида U20 Осиё кубогини қўлга киритди.

Шунингдек, май ойининг бошида Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантино мамлакатда футболни оммалаштириш йўлида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ҳамда футболни янада ривожлантиришга оид ҳамкорликни муҳокама қилиш учун Тошкентга ташриф буюриб, давлат раҳбари билан кўришди.