Самарқанд вилояти Булунғур туманида йўл ёқасига экилган, қарийб 50−55 йиллик 9 туп қайрағоч кесиб ташлаган фуқароларга жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Ҳудудда бир гуруҳ фуқаролар томонидан 9 туп соғлом ва 1 туп қуриган қайрағоч дарахт қонунга хилоф равишда кесиб юборилгани оқибатида табиатга 774,6 млн сўм миқдорида зарар етказилган.

Ўтказилган текшириш натижасига кўра, Булунғур тумани прокуратураси томонидан фуқаро С.Х. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тумани ИИБ тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 31 майдаги қарори билан экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилганди.

Хусусан, давлат ўрмон фондига киритилмаган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига қўйиладиган мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарима миқдори 5 бараварга оширилган. Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ўрнига унинг компенсациявий дарахт кўчатларини айнан дарахт кесилган жойга экиш мажбурияти белгиланган.