Самарқанд вилояти Булунғур туманида дарахтларни кесиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик аниқланди, деб хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.

Вилоят Экология бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Натижада туман ҳудудидан ўтувчи Тошкент — Самарқанд М-39-автомагистраль йўли ёқасида яшил белбоғ (ихота) шаклида экилган қарийб 50−55 йиллик 9 туп қайрағоч дарахти кесиб ташлангани аниқланган.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик оқибатида табиатга 744 млн 642 минг сўм зарар келтирилгани маълум бўлди. Далилий ашёлар ва тегишли ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.

Бош прокуратура матбуот котибининг маълум қилишича, ҳолат прокуратура томонидан текширилмоқда.